Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун халқаро театр куни: таниқли саҳна муаллими, "Шуҳрат" медали соҳиби Равшан ЁРИЕВни эслаб...

Истеъдод ариқдан оқадиган сув ёки осмондан ёғадиган қор эмас. Унинг қадр-қиммати инсоннинг ҳаёти билан тенг. Шунинг учун ҳам истеъдодли кишилар, энг аввало, ўзларини қадрлаши, авайлаши шарт. Аммо куюнчак, талабчан режиссёр Равшан Ёриев билан қарийб ўн беш йил Каттақўрғон театрида ҳамкорлик қилиб, унинг турмушдан, соғлиғидан нолиганини эшитмаганман.

У мудом саҳна, ижод дарди билан яшарди. Зеро, саҳнадаги ижод - унинг учун берадиган, лекин ҳузур бахш этадиган сеҳрли дард. У актёрни ҳам, режиссёрни ҳам ҳар қандай кўйга солади. Бу ижод ишқига тушдингизми бас, уни ташлаб кетолмайсиз.

- Театр - мен учун Ватан ичидаги ватандир. Саҳна эса - муқаддас макон, - дерди Равшан. - Кўп ўқимаган, дунёқараши тор кишилардан яхши артист ҳам, яхши режиссёр ҳам чиқмайди. Режиссёрнинг дунёқараши нафақат актёрникидан, балки муаллиф ва томошабинникидан ҳам кенг бўлиши зарур.

Р.Ёриев 1980 йили Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик бўлимига ўқишга қабул қилинган. Бунгача у республика ёш томошабинлар театрида маълум муддат ишлаб, тажрибали актёр, режиссёрлардан сабоқ олганди.

...1985 йил. Ёш режиссёр диплом иши сифатида таниқли адиб Ўлмас Умарбековнинг "Курорт" драмасини Каттақўрғон шаҳар драма театрида саҳналаштирди. Бу асар Равшандаги режиссёрлик қобилиятини намойиш этди. У театр режиссёри дипломини олгач, меҳнат фаолиятини бизда давом эттирди.

- Равшан ака болалар драматурги сифатида ҳам назарга тушганди, - дея хотирлайди театримизнинг етакчи артистларидан Бекпўлат Рустамов. - У 1987 йилда "Тадбиркор олмахон" пьесасини саҳналаштирди. Эзгуликнинг ёвузлик устидан тантанаси ҳақидаги мазкур эртак-томоша устозимнинг серқирра ижодкор эканлигини, болалар драматургияси бўйича ҳам қалами чархланиб қолганлигини исботлаганди. Кейинчалик мен бу ролда 500 марта саҳнага чиқдим.

         - Навоийни, Бобурни, Шекспир ва Пушкинни, Ойбек ва Абдулла Қаҳҳорни, Чингиз Айтматов, Қайсин Қулиев ёки Рабиндранат Тагор, хуллас, жаҳон адабиётини ўрганмай туриб, режиссёр бўлиш хомхаёл, - дерди у гурунгларимизда. Ўзи ҳам бир нечта драмалар, сценарийлар ёзди, китоб чоп этди.

Равшан Ёриев бир неча йил Каттақўрғон театрининг бош режиссёри сифатида ижод қилди, қирққа яқин турли жанрдаги спектаклларни юқори савияда саҳналаштирди. Жумладан, Илҳом Ҳасановнинг "Бири кам дунё", Бурхон Исломовнинг "Сарбадорлар", Мустай Каримнинг "Ой тутилган тунда", Шавкат Сиддиқийнинг "Фиғон", Иноят Рустамнинг "Морқоч воқеаси" асарлари асосидаги спектакллар театр мухлисларининг эътиборига сазовор бўлди. Машраб Бобоевнинг "Қани менинг юлдузим" драмаси асосида саҳналаштирилган спектакль театримиз репертуарига файз киритди. Спектакль премьерасида қатнашган Машраб Бобоев ва Шароф Бошбеков драма муаллиф-режиссёр-актёрлар ҳамкорлигининг самараси эканлигини қайд этишганди.

Равшан ёш томошабинлар театрида иқтидорли актриса Мўътабар билан танишиб, аҳду паймон қилиб, оила қурди. Эри Каттақўрғонда ишлаганда Мўътабар Қудратжон, Жасурбек ва Гулшанойларга ўзи қараб турди, уй беришгач, Каттақўрғонга келиб, бирга ишлади.

2001 йили Равшан Ёриев Тошкентда "Турон" театр-студиясини ташкил этди.

Иқтидорли шогирдлари билан труппа тузиб, 6-7 йил давомида Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда республика вилоятлари бўйлаб ижодий сафарлар уюштирди. Труппа репертуаридаги гиёҳвандлик, террорчилик мавзуидаги бир пардали пьесалар минг-минглаб томошабинларни огоҳликка чорлади.

Равшан Ёриев давраларнинг гули, ҳазилкаш, самимий инсон эди. Спектакллар машғулотларида уни кўп кузатганман. Бир чойнак чойни столга қўйиб, 10-12 соатлаб узлуксиз ишлаганини, "Сарбадорлар" драмасининг репетицияларини 39-40 даража иситма билан ўтказганлигини кечагидек эслайман.

Р.Ёриев умрининг сўнгги кунларигача театрда, саҳнада бўлди. У Шекспирнинг "Отелло"сини саҳналаштириб, бош ролни ўзи ўйнашини режалаб юрарди. Аммо ниятига етиш арафасида юрак хуружидан вафот этди, ёруғ оламда 56 йил яшади, холос. Бугун дўстлари, фарзандлари, издошлари, садоқатли рафиқаси Мўътабар опа ва саҳнадошлари унинг руҳини шод этишяпти.

Абдуазиз ҲОШИМОВ,

Театр арбоблари

уюшмаси аъзоси.