Булунғурлик тадбиркорга 80 миллион сўмлик тижорат кредити ажратиладиган бўлди
Булунғур туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 103 та тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслардан мурожаатлар келиб тушди.
Ушбу мурожаатларнинг 72 таси туман қабулхонаси томонидан тўғридан-тўғри қабул қилиниб, 70 та масала ҳал этилган.
Жумладан, тумандаги “Large Ordered” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хуршида Раҳмонова АТБ “Микрокредитбанк”нинг Булунғур тумани бўлимидан тижорат кредити ололмаган. У бу ҳақда тумандаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига мурожаат қилган. Ушбу масала қабулхона томонидан тегишли банк масъуллари иштирокида кўриб чиқилиб, мазкур тадбиркорлик субъектига фаолиятини кенгайтириши учун банк томонидан 80 миллион сўм миқдорида тижорат кредити ажратиб бериладиган бўлди.
Шунингдек, туманнинг Боғбон маҳалласи ҳудудидаги “Омад сари йўл” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ойбек Бахриев “Ёшлар меҳнат гузари” қуриш ва чорва моллари боқиш мақсадида бино қуриш учун ер ажратишни сўраган. Бу борадаги мурожаат юзасидан тадбиркорга туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда туман ҳудудидан ер ажратиб беришга қарор қилинди.
Ф.ПИРИМҚУЛОВ,
Булунғур туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири в.б.