Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бухорий, Термизий, Беруний, Ибн Сино каби алломаларни етиштириб берадиган оналаримиз борми?

Ҳар бир буюк шахс ортида буюк она туради, деган ҳақиқат мавжуд. Бунга мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Илмнинг қайси соҳасини олиб қараманг, шу соҳада етишиб чиққан олимларнинг яхши устозлардан ташқари дастлабки таълим-тарбияни оналаридан олишганини гувоҳи бўламиз. Умуман, оилада фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёсдир.

“Эркак киши кўчанинг одами”, дейишади. Табиийки, оиладаги фарзанд тарбиясининг асосий оғирлиги онанинг зиммасига тушади. Ана шунда оналаримиз қанчалар тарбияли, илмли, доно, меҳрибон ва сабрли бўлсалар,  фарзандларимиз шунчалик ақлли, билимли, доно ва соғлом бўлиб ўсадилар. Албатта бунда асосий оғирликни оналарга юкламаган ҳолда, уларнинг оилада фарзанд тарбиясидаги ўрни беқиёслигини айтиб ўтмоқчимиз.

Электр чироқни кашф қилган Томас Эдисон болалигида мактабдан келиб онасига устоз бериб юборган мактубни тутқазди ва “Буни ўқитувчимиз сизга бериб юборди”, деди. Она мактубни ўқир экан, кўзидан ёш оқди. Бундан хижолат ёш Томас хавотирга тушиб йиғининг сабабини сўради. Онаси меҳрибонлик ила жавоб берди: “Сенинг кучли қобилиятинг бор экан. Мана эшит: “Ўғлингиз ўта иқтидорли, мактаб унга ва унинг қобилиятига торлик қилади. Шунинг учун ўғлингиз уйида таълим ола қолсин!”.

Шундай қилиб, Эдисон ўз уйида онасидан таълим-тарбия ола бошлади. Орадан йиллар ўтди. У лампочкани ихтиро қилди. Вақти-соати етиб онаси вафот этди. Онасининг вафотидан кейин олим онасининг нарсалари турадиган жавондан мактуб топиб олди. Анча йил ўтган бўлса-да, мактубни дарров таниди. Бу ўша – мактабдаги устози ёзиб берган мактуб эди. Бир зум тарих оғушида қолган Эдисон хатни ўз кўзи билан ўқий бошлади. Унда бундай деб ёзилган эди: “Ўғлингиз ўта беақл ва қобилиятсиз бола. Эртадан бошлаб мактабга келмасин!”. Эдисон анча вақтгача йиғисини тўхтата олмади. Сўнг хотиралар дафтарига қуйидаги сўзларни битиб қуйди: “Эдисон ҳақиқатан калта фаҳм бола эди, бироқ онасининг гўзал тарбияси сабабли истеъдод соҳибига айланди”.

Аммо, ҳозирда аҳволимиз қай даражада? Бухорий, Термизий, Беруний, Ибн Сино каби алломаларни етиштириб берадиган оналаримиз борми? Йўқ бўлса, нега? Она тарбиясида нималарга амал қилишимиз лозим? Қай ўринларда хато қилаяпмиз? Нималарга эътибор беришимиз лозим? Саволлар кўп. Бу саволларга жавоб бериш, ечимларни излаш эса ҳаммамизнинг муаммомиз бўлиши керак. Бу ерда аёллар устидан раҳбар қилиб тайинланган эркаклар зиммасига залворли, машаққатли меҳнат тушади, албатта. Чунки ҳозирги ҳолатимиз шундай. Масалан, аксарият аҳолиси ўзини мусулмон деб ҳисоблайдиган мамлакатимизда аёл-қизларнинг очиқ-сочиқ кийиниши, ғарбга тақлид қилиши ҳақида кўп гапирилади. Лекин ҳозиргача бу муаммо бўйича бирор ечим, таклиф ёки каттароқ иш қилинганлигини ҳозирча билмадик.

Шу ўринда буюк ватандошимиз Абдулла Авлонийнинг тарбия хусусида айтган ушбу сўзларини келтирмоқни лозим топдим:

“Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғулган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга, «биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур», – деб жавоб берсак, бир киши деюрки, «қайси оналарни айтурсиз, билимсиз, боши пақмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар», дер . Мана, бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндурар. Отасига нима дерсиз, десак , қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур», – дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтуқға урилур”.

Бу нодир сўзлар ҳозирда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Йўқ нотўғри айтаяпсиз, бу гаплар эски замонда бўлган деб раддияга оғиз жуфтламоқчи бўлган опа-сингилларимизга айтамизки, болангизга мактабда берилган уй вазифаларига нечанчи синфгача ёрдам бера оласиз?

Демак, фарзанд тарбиясида, энг аввало, оналарнинг тарбияли, илмли бўлмоқликлари, бунинг учун биз ота-оналар ёшликдан ҳаракат қилишимиз лозимлиги келиб чиқмоқда.

Илм ўрганишга хотин-қизларни ҳам жалб этиш керак. Негаки, жамиятнинг ярмини аёллар ташкил этади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Мавжуд муаммоларнинг ечимларидан бири ҳам хотин-қизларни илмли қилишдан иборатдир. Чунки келажак авлод тарбияси хотин-қизларнинг қанчалик маърифатли эканига боғлиқ. Улар илмли бўлса, келажак авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлса, келажак авлод ҳам одобли бўлади. Бир одам донишманднинг олдига бориб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Иккаласини ўқитишга қурбим етмайди, фақат биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Донишманд унга: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.

Гапимиз охирида шуни айтмоқчимизки, азиз сингилжонлар, опалар, оналар илмли бўлишга ҳаракат қилайлик. Ўзимизнинг ўзлигимизга, ўзбеклигимизга қайтайлик. Илм олишда, фарзанд тарбиясида, рўзғор тутишда ва оилада динимиз кўрсатмаларига, ҳадисларга амал қилайлик. Ана шунда буюк аждодларимизга муносиб авлодларни тарбиялай оламиз ва икки дунё саодатига эришамиз. Бошқа йўл йўқ!

Алишер Эрназаров.