Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бухорода кураш бўйича Президент соврини илк ғолиблари аниқланди: Бухоролик Чори Зойиров 3 минг АҚШ долларини қўлга киритди

Хабарингиз бор, бугун азим Бухорои шарифда миллий қадриятимиз бўлмиш кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирга старт берилди.

Унда дунёнинг 20 га яқин давлатидан келган полвонлар 7 та вазн тоифасида ғолиблик учун беллашади. Бугун кураш усталари бешта вазнда гиламга тушишди. Эркаклар 60, 66, 90 ва 100 килогача, аёллар эса 52 кг вазн тоифасида ўз омадини синаб кўрди.

Бухорода илк маротаба ташкил этилган Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнирнинг биринчи олтин медалини бухоролик Чори Зойиров қўлга киритди. 60 кг.гача бўлган вазн тоифасида ўтказилган финал баҳсида у қозоғистонлик Аманхан Оскенбаев устидан соф ғалабага эришди ва 3 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотига сазовор бўлди.

Шунингдек, бугунги беллашувларда 66 кг. вазн тоифасида Эрон ислом республикаси вакили Жаъфар Фирузободи ғолиб бўлди. У финалда яна бир бухоролик полвон Миржон Тўхтаевдан устун келди. Вазни 90 килогача бўлган полвонлар ўртасида Сурхон воҳаси фарзанди, полвонлар сулоласи вакили Шермуҳаммад Жандриевга муносиб рақиб топилмади. У финал беллашувида қўшни Қирғизистон вакили Жамалбек Асилбек улидан бир чала ва бир ёнбош баҳосида устун келди. Эркаклар ўртасидаги бугун ўтказилган беллашувларда энг оғир, яъни 100 килогача бўлган полвонлар баҳсида Бухоро кураш мактаби тарбияланувчиси Эркин Дониёров ҳал қилувчи баҳсда эронлик Ҳамед Рашидини мағлуб этди.

Ниҳоят бугунги беллашувларни аёллар якунлаб берди. Вазни 52 килогача бўлган курашчилар ўртасида финалга Осиё ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби сурхондарёлик Гулнор Сулаймонова муросасиз кечган баҳсда Хитой тайпейи вакили Чиа-Вен Соу устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва бош совринга сазовор бўлди.Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнир давом эттирилади.


О. ЭШМАМАТОВ, Т. ИСТАТОВ (сурат).