Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чақирилувчиларни вилоят ҳокими хизматга кузатди

Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғув пунктида жорий йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган йигитларнинг навбатдаги гуруҳини кузатиш маросимида вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Э.Турдимов ҳам иштирок этди.

 

– Фарзандини ҳарбий хизматга кузатаётган ота-оналар бугун энг бахтли инсонлар, – деди Э.Турдимов. – Чунки уларнинг фарзандлари вилоятимиздаги 60 мингдан ортиқ чақирилувчилар орасидан сараланган йигитлар. Бу йил Самарқанддан ҳар жиҳатдан соғлом, бақувват, билимли 2500 нафардан ортиқ чақирилувчиларгина муддатли ҳарбий хизматга олинмоқда. Демак, йигитлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам бу шараф насиб этганидан ҳар қанча фахрланса арзийди. Илгари ота-оналар ўғлини ҳарбий хизматдан олиб қолишга ҳаракат қиларди. Ҳозир эса, болам ҳарбий хизматга борсин, армияга қабул қилишда адолат бузилмасин, деб мурожаат қиляпти. Бунинг барчаси Қуролли Кучларимиздаги ўзгаришлар, ҳарбий хизматчиларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, обрў-эътибори юксалиб бораётгани самарасидир.

Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирилувчиларнинг ота-оналари, эгнига аскарлик либосини кийган бахтли йигитлар ҳам сўзга чиқиб, ўз дил изҳорларини баён этди.

Тадбирда ҳарбий хизматга отланган йигитларга эсдалик совғалари, китоблар совға қилинди.