Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чегаралар ёпилса-да, экспорт ва зарур товарлар импорти тўхтаган эмас

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги Жасурбек Файзуллаев иштирокида ўтказилган онлайн брифингда шу ва тизимга оид янгиликлар хусусида маълумот берилди.

Қайд қилинганидек, юртимизда карантин тадбирлари бошлангандан буён тадбиркорлик субъектлари ва аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз Президенти ва Ҳукуматимиз томонидан бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан вилоят божхона бошқамасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, юкларни чегара божхона постлари орқали тез ўтказиш, узлуксиз божхона расмийлаштирувини, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатлар вақтида берилишини таъминлаш бўйича бошқармада тезкор штаб ва “Call center” ташкил этилган.

Шу кунга “Call center”га 143 та мурожаат тушган бўлиб, 108 таси ижобий ҳал қилинган.

Тадбиркорлик субъектларига яратилган қулайликлар асосида, вилоятда рўйхатга олинган, муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган 42 та корхона томонидан 8 704 тонна қиймати 6 миллион 484 минг доллар қийматдаги товарлар экспорти амалга оширилди.

Тадбиркорлик субъектларига четдан келтирилган 20 хил турдаги озиқ-овқат, шахсий гигиена воситалари ва айрим тиббиёт жиҳозлари бўйича 1 миллиард 397,2 миллион сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилган.

6 та тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард 640 миллион сўм миқдорида божхона тўловларини тўлаш бўйича 120 кунгача кечиктириб тўлаш имконияти берилган.

Тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” тизими 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда.