Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Чин инсонни кўнгил қўйиб инсон сўроқлар»

Самарқанд вилоят «Зарафшон» газетаси бир асрдан зиёд тарихий солномага эга. Бу даргоҳда юзлаб таниқли журналистлар, публицистлар, давлат арбоблари, шоир ва ёзувчилар ишлаган. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида уларни хотирлашни лозим топдик.

Самариддин Сирожиддинов номи кўпчиликка таниш. Сирожий тахаллуси билан шеърлар битган журналист ва шоир 1932 йилда Каттақўрғон туманидаги Кичик кўрпа қишлоғида туғилди. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тугатгач, 1970 йиллар бошида вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси таҳририятига ишга келган, мухбир, масъул котиб бўлиб ишлаган.

“Кўнгил оҳанглари”, “Яшил япроқлар” шеърлар тўплами, “Ёрқин уфқлар”, “Аму мавжлари” очерклар тўплами, “Абадийлик” ҳужжатли қисса асарлари муаллифи.

Газета ва журналларда Самариддин Сирожиддиновнинг 300 дан ортиқ таҳлилий, танқидий ва илмий мақолалари чоп этилган.

1986 йилда вафот этган.

ДУНЁГА ҚЎШ

Дунё ман дунё бўлиб, дунё мени дунёга қўш,

Жилға-жилға куйларимни мавжи зўр маънога қўш.

 

Куйламоқ бўлдим, жаҳонни, куйга тўлсин бу жаҳон,

Неки қалбим зоҳир этмиш, сўзга қўш, маънога қўш.

 

Маъносиз дунё не ҳожат, бир келиб кетмоқми бахт,

Саргаранг бўлмай мени аҳли жаҳон орога қўш.

 

Зарра-зарра сингдириб, бор дилга олам меҳрини,

Асра шумлардан ва лекин, яхшию аълога қўш.

 

Бу жаҳон холи эмасдур фитнадан ё рашкдан,

Берма боғлаб шум рақибга дўстга қўш, донога қўш.

 

Мен учун ким ақли доно бирла дунё баркамол,

Баркамолликни касб этиб, ижрога қўш.

 

Баркамол сен бахтим чаман, қилсин ёруғ офтоб йўлин,

Толеимни кўркам этгин, гулга қўш, раънога қўш.

 

Чунки ўйлар бу Сирожий жоно эл бахтини,

Гар тиларсан бахти ёрлиқ, сен мени дунёга қўш.

***

Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев (1934 йилда туғилган) асли Қашқадарё вилоятининг Касби туманидан бўлса-да, ижод ва фаолияти бевосита Самарқандда кечган. Яъни, Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетида таҳсил олган, дастлабки иш фаолиятини «Ленин йўли»да бошлаган. Кўплаб шеърлари шу газетада босилган ва шу орқали халққа танилган.

Илк шеърлар тўплами «Суюнчи». Шунингдек, «Зарафшон зарлари», «Уфқларда кўзларим», «Лаҳза ва ларза», «Ёғду», «Нигоҳлар», «Севги сеҳри», «Аниқ вақт», «Қалбим қатралари», «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» каби шеърий тўпламлари бор. Тарихий мавзуга бағишланган «Амир Темур ҳақида қўшиқ», болаларга атаб ёзилган «Шамол ушлаган бола», «Бош майдон» китоблари кўпчиликнинг севимли асарига айланган.

Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Нормурод Нарзуллаев Г.Гейне, Е.Евтушенко, Қ.Қулиев, М.Қаноат ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

2006 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

СЎРОҚЛАР

Самоларда юлдузларни осмон сўроқлар,
Чин инсонни кўнгил қўйиб инсон сўроқлар.

 

Орзу-армон туғилади ерда, юракда,
Чўққиларда бахтни излаб довон сўроқлар.

 

Юрак, ёнгин бир умрга вафо йўлида,
Ошиқ аҳли ўз ишқини пинҳон сўроқлар.

 

Дўст қадрига дўст етади, жон дўстинг ўша,
Бу оламда мол-дунёни нодон сўроқлар.

 

Инсон қадри номусидай бўлсин покиза,
Беномуслар ўз нархини арзон сўроқлар.

 

Ҳаёт ширин фарзанд билан, кўзлар қароғи,
Фарзандларнинг камолини замон сўроқлар.

 

Нарзий, тутгил одил йўлни, йўлдан адашма,
Билки, дунё сарҳисобли, виждон сўроқлар.