Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Чўғланма ёки светодиод лампочка: Қай бири афзал?

Гап нима ҳақида кетаётганини англадингиз чоғи: албатта, электр энергияси, уни ишлаб чиқариш машаққатлари, тўғри фойдаланиш ва тежаш имкониятлари хусусида.

Сир эмас, электр энергияси – фойдаланишга қулай бўлган энергия тури. Саноат, халқ хўжалиги, маиший хизмат тармоқларида аксарият юмушлар электр қуввати ор­қали бажарилади. Кундалик турмушимизда ҳам электрнинг ўрни беқиёс.

Ана шу беминнат энергияни ишлаб чиқариш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун қанча ресурс, қанча меҳнат сарф этилади. Жумладан, электр энергиясининг асосий қисми газ, кўмир, мазут ёқиш орқали ишлаб чиқарилади. Кўплаб харажатлар, йўқотишлар ҳамда бир неча ўн минглаб ишчи-ходимларнинг кечаю кундуз қилаётган машаққатли хизматлари эвазига электр энергияси ҳосил бўлади ва истеъмолчиларга етказилади.

1 кВт/соат электр энергияси билан кўплаб маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Масалан, шу қувват билан 2 жуфт пойабзал тайёрлаш, 10,5 килограмм пахта толасини қайта ишлаш, 18 килограмм ўсимлик мойи ишлаб чиқариш, 50 та нон пишириш, 12 килограмм ғалла янчиш, 60 килограмм кир ювиш, 45 бош сигирни соғиш, 4 марта кинофильм кўриш мумкин.

Хўш, биз ана шундай беминнат хизматчи – электр энергиясидан тўғри ва тежаб фойдаланяпмизми?

Очиғи, электр энергиясини тежаш деганда, айрим кишилар кераксиз ёниб турган лампани ўчириш лозимлигини тушунади. Бу яхши, аммо дўкондан телевизор, музлаткич ёки оддий лампочка сотиб олаётган аксарият харидорлар буюмнинг йўриқномасига қараб ёки сотувчидан сўраб, унинг фойдаланиш муддати билан қизиқади. Истеъмол қуввати-чи? Буни хаёлига келтирмайди.  Аслида энг жиддий масала шу параметрга боғлиқ.

Маълумотларга кўра, ривожланган давлатларда кишилар муайян буюм сотиб олаётганда унинг бошқа қулайликлари билан бирга электр энергияси сарфлаш ҳажмини ҳам эътибордан четда қолдиришмас экан. Масалан, АҚШ, Исландия ва бир қатор ривожланган мамлакатларда чўғланма лампочкалардан фойдаланиш умуман тўхтатилган. Натижада истеъмолчилар кам электр сарфлайдиган, кўп ёруғлик берадиган замонавий флуоресцент ва светодиод лампочкалардан фойдаланмоқда. Тўғрида, агар уйингизда 15 та чўғланма лампочка бўлса ва улар бир кунда ўртача 6 соат ёнса 1 кВт/соат электр энергияси сарфлайди. Бунинг нархи 250 сўм бўлганда бир йил мобайнида 821 минг 225 сўмлик, светодиодли лампочка эса 164 минг 250 сўмлик электр энергияси сарфлайди. Демак, замонавий светодиодли лампочка бир йилда оилавий бюджетингиздан 656 минг 975 сўм тежалишини таъминлайди.

Кўриниб турибдики, светодиодли лампочкалар узоқ ишлаши, электр энергиясини тежаши, ташқи муҳит учун хавфсизлиги билан оддий лампочкалардан фарқ қилади. Улар 80 фоизгача электр энер­гиясини тежайди. Кучланиш пасайганда оддий лампочка ишламай қолади, светодиодлиси эса кучланиш 170 вольт бўлган пайтда ҳам ишлайверади. Светодиодли лампочкалар фойдаланиш хизмат муддати 30 минг соатдан зиёдлигини ҳисобга олсак, уни ишлатишда ортиқча тўлов – харажатлар камаяди, ўзини-ўзи қоплаш эса тежалган электр энергияси ҳисобига бўлади.

Агар бизда ҳам ҳамма истеъмолчилар чўғланма лампаларни светодиодли лампаларга алмаштиришса, электр энергияси истеъмолини 5 миллиард кВт/соатга камайтириш ва бу билан 1,6 миллиард куб/метр газ ёки 5 миллиард тонна кўмирни иқтисод қилиш мумкин. Буни барчамиз яхши билиб олсак зарар қилмайди.

Раҳматилла ЗУЛПАНОВ, 

"Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари" корхонаси етакчи муҳандиси.