Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Даштак ариғи ёхуд унинг бўйида ўсувчи ноёб гул-у гулоб шарбати хусусида

Хазормихнинг ўнг томонидан биринчи Даштак ариғи сув олади. У Хўжа Абду Берун масжиди ва қабристони ўртасидан ўтиб, Қумзор, Даштақ, Ғоранди, Пистамазор, Рустамқишлоқ, Ражабамин, Кафтархона каби Самарқанд шаҳридаги кунчиқар томонда жойлашган қишлоқларни сув билан таъминлайди, ортиқча сув эса Каварзор каналига тушади.

Хазормихдан ажратилган Даштак ариғи асосан Боғитилло боғларини, шунингдек, Кафтархона, Ражабамин, Гулбоғ қишлоқлари ҳудудидаги боғларни тўлиқ сув билан таъминлаб келмоқда. Мен 1980 йилларда бу қишлоқ ҳудудларида бригада бошлиғи бўлиб ишлаганман. Ўша вақтда Даштак ариғи тўлиб оқар, қишлоқ хўжалиги экинлари, узумзорлар, аҳоли ҳовлилари бу ариқ сувидан беминнат баҳраманд бўлишарди. Шу ўринда ҳали-ҳамон эсимда бўлган бир ҳақиқатни айтиб ўтсам: тадбиркор ва омилкор кишилар Ражабамин қишлоғидаги Бешиктепа гузари ҳудудидан оқиб ўтувчи Даштак ариғи бўйида ноёб гуллар етиштирар, ундан гулоб шарбати олишарди. Бу ўша пайтлардаёқ кишиларимизнинг ўта уддабурон бўлганларидан дарак.

Шу билан бирга ушбу ариқ бўйида «Жавс» навли ноёб узум ҳам етиштирганлар. Гарчи узумнинг ўзини четга чиқаришнинг иложи бўлмаган бўлса-да, ундан тайёрланган майиз дунёнинг энг сифатли майизларидан ҳисобланган ва шунинг учун «Жавс»дан тайёрланган майизга дунё бозорида талаб катта бўлган. Лекин бу узум нави фақат Ургут туманидаги Мўминобод ҳамда Самарқанд туманидаги Ражабамин қишлоғидагина етиштирилган, холос. Тўғри, қолган жойларда ҳам экилган, етиштирилган. Бироқ табиат бошқа жойларда узумнинг «Жавс»га хос ширин таъмини инъом этмаган.

Даштак ариғи Ражабамин ва Кафтархонада яшаган аҳолининг аксарияти хонадонида сув оқиб ўтган. Ушбу сувдан улар тўлиқ фойдаланиб, икки қишлоқдаги мавжуд ҳовузларни сув билан таъминлаб келган.

Талъат АБДУЛЛАЕВ.