Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дайди ит ва мушуклар қандай овланаяпти?

Хулоса қилишга шошилманг: овлаш жараёни ҳақида ҳикоя қилмоқчи эмасмиз. Зеро, бу ҳеч биримизга қизиқ эмас.

Бироқ сайёҳлик марказига айлантириш режалаштирилаётган кўҳна кентда эгасиз, дайди итлар кўпайиб бораётгани кўпчиликни ташвишлантирмоқда. Буни ижтимоий тармоқларда бир неча марта турли ҳудудларда дайди итлар кўпайгани ҳақидаги хабарлар ҳам тасдиқлаб турибди.

Зоологиядан бироз хабари бор одам яхши билади: итлар бир йилда уч марта болалайди. Бу кўчада юрган битта дайди ит келгуси йилда ҳеч бўлмаганда 4 та итдан иборат гала ҳосил қилади, дегани.

Агар ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолаларга эътибор қилинса, дайди итлар асосан тонгда, туш ва кечки пайтларда кўп кузатилган. Негаки, айни шу пайтда уларда миграция жараёни кузатилади. Табиий инстинк туфайли улар хўрак бўлиши мумкин бўлган жойларга айни шу вақтларда етиб боришга ҳаракат қилади. Минг афсуски, шаҳарда бундай жойлар кўп. Бу алоҳида мавзу.

Шу икки мисолнинг ўзидан Самарқанд шаҳрининг гоҳ у, гоҳ бу ерида дайди итлар галаси пайдо бўлиб қолаётгани, тутилаётган ва захарли хўрак билан йўқ қилинаётганига қарамасдан дайди итларнинг камаймаётгани сабабини тушуниш мумкин.

Фақат шу омил туфайли Самарқанд шаҳрида дайди итлар кўпайиб кетдими? Нега уларга қарши курашиш чоралари самара бермаяпти?

Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида 120 бош дайди ит ва мушуклар овланган. Бундан ташқари, 129 боши заҳарли хўрак бериб йўқ қилинган. Ушбу кўрсаткич ўтган олти ой давомида мос равишда 210 ва 650 бошни ташкил қилган.

Бир қарашда бу рақамлардан назоратсиз уй ҳайвонларини тутиш, уларни белгиланган тартибда йўқ қилиш бўйича ишлар яхши олиб борилаётганга ўхшайди. Аслида ҳам шундайми? Ит овловчилар нега дайди ит ва мушукларни асосан заҳарли хўрак ёрдамида камайтиришга уринмоқда?

- Хизмат вазифамиз юзасидан аҳоли ва мутасаддилардан жуда кўп эътирозлар бўлмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Тиркашев. – Бироқ ҳеч ким бизни тушунишни истамайди. Битта дайди итни тутиш учун камида ярим кун, айрим вақтларда икки-уч соатлаб вақт кетади. Бўлимда 1 та «Дамас» русумли машина ва 2 нафар ходим бор. Шаҳарни бир четида келиб тушган муаммони ҳал қилиш учун борганингизда яна бошқа бир чақирув келиб қолади.

Самарқанд шаҳрида ҳеч бўлмаса, иккита бригада ташкил қилиниши керак. Ахир 2000-2001 йилда 12 та штат бирлигимиз ва 4 та автомашинамиз бор эди. Ўшандан бери Самарқанд шаҳри кенгайиб бораяпти. Бироқ бизда штатлар сони қисқармоқда.

Мутахассиснинг куйинганича бор. Жорий йилнинг май ойларида Обираҳмат томонда бир дайди ит 9 кишини қопиб, жароҳат етказганди. Яхшики, назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўлими ходимлари уни тутиб кетишган. Йўқса, ким билади, у яна қанча одамга жароҳат етказиши мумкин эди.

Шаҳримизни сайёҳлик марказига айлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларда бу масалага ҳам жиддий эътибор қаратиш, соҳа ходимлари сонини ошириш ва улар учун зарур шароит яратиб бериш лозим.

Негаки, Самарқанд шаҳрида айни пайтда 200 дан зиёд маҳалла бор. Тарихий обида, таълим муассасалари қанча? Уларда пайдо бўлаётган назоратсиз ҳайвонларни 2 ёки 3 нафар ходим билан тутиб, зарарсизлантиришга улгуриш табиийки муаммоли масала. Бундан ташқари, бу ходимлар турли тадбирларга ҳам жалб этилади.

Ўйлаймизки, мутасаддилар бу масалани эътибордан четда қолдирмайди.

Ё.ГАДОЕВ.