Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Детская академия”да болалар рус тилида сабоқ олади

Паст Дарғом туманидаги Ҳовузак, Бўстон, Жағалбойли, Меҳнат маҳаллаларида замонавий жиҳозланган, барча шарт-шароитларга эга 4 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилди. Уларнинг ҳар бирида ота-оналарнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, болаларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун қўшимча хизматлар жорий этилди.

– “Детская академия” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасамиз 25 нафар тарбияланувчини ўз бағрига олган, - дейди Ҳовузак маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Шаҳноза Ҳасанова. – Муассасамиз рус тилига ихтисослашган бўлиб, ота-оналарнинг таклифига кўра, инглиз тили, бадиий гимнастика, шахмат тўгараклари фаолиятини ҳам йўлга қўйганмиз. Шунингдек, болаларнинг боғчага қатнашида қулайлик яратиш мақсадида транспорт воситаси ажратилган.

Тадбиркор ушбу оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этишда Корея услубидан самарали фойдаланиб, жиҳозлаш ишлари учун 76 млн. сўм маблағ сарфлаган. Ётоқ кроватларининг йиғилувчанлиги ётоқхона ва  машғулотлар хонасини бирлаштиришга имкон яратган.

Маълумот ўрнида: Бугунги кунда туманда 23 нафар ташаббускор-тадбиркор оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этган бўлиб, уларда жами 550 нафар тарбияланувчилар таълим-тарбия олмоқда. 2019 йил охирига қадар 25 та оилавий нодавлат МТМ ташкил этилиб, улар ҳисобига 1175 нафар болаларни боғчаларга қамраб олиш режалаштирилган.