Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дезинфекцион туннеллар коронавирусга қарши курашишда самара берадими?

15 июндан республика махсус комиссияси қарори билан карантин қоидалари юмшатилди. “Сариқ” ва “яшил” тоифадаги ҳудудларда аксарият фаолият турларига рухсат берилди. Бунда санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириши жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

Жумладан, бозорлар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар бинога кириш эшиги олдида дезинфекцион туннеллар ўрнатиш, антисептик воситалар билан таъминлаш, ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш каби вазифалар топширилди.

Аммо шу кунларда одамлар орасида, ижтимоий тармоқларда бундай туннеллардан фойдаланиш тартиби, қўлланилаётган тозалаш, дезинфекция воситаларининг таркиби ҳақида мунозаралар кўпайди:

“ Дезинфекцион туннеллар коронавирусдан етарли даражада ҳимоя қиладими?”

“ Чекка ҳудудлардаги савдо шохобчаларида туннел ўрнатилмаган, бу тадбиркор томонидан харидорнинг саломатлигига нисбатан бефарқлик эмасми?”

“Дезинфекцион эритма сифатида хлордан фойланилар экан. Хлорга аллергиям бор, ташкилотларга киришга рухсат бермаяпти?”

Дезинфекцион эритмадан нотўғри фойдаланиш кутилган натижани бермайди

- Бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда, - дейди вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази бош врачи ўринбосари Зоир Мўминов. – Вирусга қарши курашишда ижтимоий масофа сақлаш, дезинфекция воситаларидан фойланиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бунда дезинфекцион туннеллар яхши натижа беради. Тўғри, дезинфекцион восита сифатида гипохлорид калций эритмасидан фойдаланилган. Бунда 1 килограмм кукун бир литр сувга солиб эритилади ва яна 9 литр сув солиниб бир кун давомида сақланади. Мазкур эритма ҳақиқатдан ҳам терини қизартириш, аллергия чақириш ва ҳатто кўйлаклар рангини ўзгартириб, уларда тешиклар ҳосил қилиши мумкин. Аммо янги “Прогрин дез 8” номли препарат ўзининг самарадорлиги, қулайлиги билан фойдаланувчиларга маъқул келмоқда. Унинг афзалликлари бир талай. Биринчидан, аллергия чақирмайди, ҳиди йўқ. Яна бир гап. Дезинфекцион туннелларнинг коронавирусга қарши курашишда самара бериши учун аввало, ундан тўғри фойдаланиш керак. Айрим ҳолларда дезинфекцион восита кам солиниб, эритма тайёрлаш ҳолатлари ҳам кузатилади. Барча юзаларда инфекцияларни йўқотишнинг ўз миқдори бор. Жумладан, озиқ-овқатлар 1 фоизли, ифлосланган жойларда 3 фоизли эритма қўлланилади. Дезинфекцион туннелларнинг самара беришида тайёрланган эритмани тўғри ишлатиши жуда муҳим.

Корхона ходими нима дейди?

- Корхонамизга кунига кўплаб кишилар мурожаат қилиб келишади, ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дезинфекцион туннел ўрнатдик, - дейди Ў.Сайдинов. – Ўрнатиш ишларига 6 миллион сўм сарфланди. Дезинфекция воситасини 500 минг сўмга сотиб олдик. Уни 6 марта 80 литрлик сувда тайёрласа бўлади. Агар кун давомида тўхтовсиз фойдаланилса, битта дезинфекцион восита бир кунда сарфланар экан.

Ижтимоий тармоқларда ва суриштирувларимиз шуни кўрсатдики, дезинфекцион туннелларнинг нархида ҳам катта фарқ бор. Ўртача 1 миллион 700 минг сўмдан 6 миллион сўмгача тадбиркорлар томонидан маҳсулотлар таклиф этилаяпти. Нархлар уларнинг шакли, ўрнатиладиган сиғимга ҳам боғлиқ.

Коронавирусга қарши курашишда дезинфекцион туннеллардан бошқа давлатлар фойдаланганми?

Дезинфекцион тўсиқлар, санитария туннеллари биринчи марта Хитойда кенг қўлланилган, аммо кейинчалик самарасиз, дея воз кечилган.

Масалан, 2020 йил апрелда Ҳиндистон ҳам дезинфекцион туннеллар учун бурютмаларни тўхтатди. Мамлакат тиббий ҳамжамият вакиллари зарарсизлантирувчи восита одам учун хавфли бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бундан ташқари хлор шиллиқ қавати ва терига зарар етказиши мумкин.

Қозоғистон, Россия каби давлатларда бундай туннеллар аҳоли гавжум масканларда ўрнатилмоқда. Компаниялар ва тадбиркорлар томонидан уларнинг бир қанча қулайликларга эга, замонавий намуналари таклиф этиляпти. Мисол учун, Белгияда гипермаркетлар учун харидорларнинг ўзлари фойланадиган дезинфекция тизими ишлаб чиқарилмоқда. «Stay Safe Tunnel» дезинфекцион туннели мижозларга қўлни дезинфекцион гел билан ишлов беришни, салфеткалар билан саватларни тозалашни таклиф этади. Туннел охирида мижоз тўлиқ дезинфекциядан ўтиши мумкин.

Қонунларни билмаслик жаримага тортмасликка сабаб бўлмайди

- Дезинфекцион туннеллар ходимларнинг, муассасага келаётган кишиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қўйилади, - дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси жамоатчилик билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Бекзод Ҳотамов. – Ускунада фойдаланиладиган дезинфекцион эритма вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази томонидан тавсия этилади. Бундай туннеллар бозорларда, савдо дўконларида, боғчаларда, ошхоналарда, аҳоли гавжум ташкилотларда қуйилиши лозим. Афсуски, дезинфекцион туннеларни ўрнатмаган, ўрнатиб ундан фойдаланмаётган ташкилотлар бор. Кунига ўндан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан карантин қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланмоқда. Уларга белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Бугун коронавирус пандемиясига қарши курашишда барчамиздан ўз вазифамизга масъулият билан ёндашиш, ўзимизнинг, оиламизнинг, жамоамизнинг саломатлигини ўйлаган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя қилишимиз талаб этилади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.