Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Диёранинг мижози қўшнисининг тилла буюмларини ўғирлаб кетаётганди...

Булунғурлик Диёра Аманова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзига тегишли бўлган “Нексия” автомашинасида йўловчи ташиб, уч-тўрт сўм даромад қилади. Ўша куни – 2019 йил 2 февраль, кундузи соат  иккиларда ҳам ҳар доимгидек бекатда йўловчи кутиб ўтирганди. Зиёда Бойлиева унинг олдига келиб, шошаётганини, онаси Самарқанд шаҳридаги касалхонада реанимацияда ётганини, тезда етиб бориши лозимлигини, тўрт киши учун пул тўлашини айтади. Бу, йўловчи сийрак пайтда ҳар қандай киракаш учун айни муддао эди. У буюртмачининг талаби билан тезда йўлга тушди.

Улар М-39 магистрал йўлининг Жомбой тумани ҳудудида кетаётганида Диёранинг телефони жиринглади. У телефонда узоқ гаплашди. Ора-сира орқа салонда ўтирган мижозга зимдан қараб қўйди. Унинг узоқ ва шаъмали гаплашишидан Зиёда безовталаниб, диққатини жамлар, тану-жони қулоққа айланганди.

Аслида ҳам вазият Зиёданинг безовталанганича бор эди... 

...Сожида уйидагиларнинг сомса егиси келганини, аммо ўзи барча ишларга улгурмаётганини айтиб, қўшниси, ҳам дугонаси бўлмиш Зиёдани ёрдамга чақирди. Икки дугона биргалашиб сомсага уннаб кетди. Бироздан сўнг Сожида бир иш билан ташқарига чиққанида Зиёда атрофни кузата бошлади. Қўшни хонага ҳам ўтди. Шунда бехосдан шкафда, идишда турган икки дона тилла занжирга кўзи тушди. Занжирларни томоша қилар экан, шум хаёллар унинг ўй-фикрини эгаллаб олди. Бу бежирим тилла занжирлар ўзиники бўлиши учун бирор бир режа ўйлай бошлади. Кўп ўтмай Сожида хонага кириб келди. Бу пайтда Зиёда режани пишитиб бўлган эди. У дугонасига уйига кетиши лозимлигини айтиб, шошиб жўнади. Аммо кўп ўтмай тилла занжирлар турган уйнинг орқа деразасидан кириб занжирни олиб, яна шу деразадан қайтиб чиқиб кетди...

... Сожида қолган ишларни ўзи қилаётган эди. Қўшни хонага бир иш билан кирдию кўринарли жойда турган тилла занжирларнинг йўқлиги унинг эътиборини тортди. У ҳамма жойни кўрди. Аммо тополмади. Қўрқиб кетганидан акасига телефон қилиб, тилла занжирлар йўқолганини, уйга шу орада фақатгина дугонаси Зиёда келиб-кетганини айтди. Акаси тезда профилактика инспекторига телефон қилди. Ички ишлар ходимлари Зиёдани суриштиришга тушишди. Таксилар тўхташ жойидагилар улар айтаётган қиз ҳозиргина Диёра Аманованинг машинасига ўтириб шаҳарга кетганини айтди. Ички ишлар ходимлари унинг рақамини топиб, телефон қилишди.

Диёра машинасига чиққан ягона йўловчиси қўшнисининг буюмларини ўғирлаб келаётганини билгач ички ишлар ходимлари айтганидек уни ушлаб турди. Улар етиб келгач Зиёдани сўроқ қила бошлади. Шунда воқеа бутунлай бошқа ўзанга бурилиб кетди. Энди у айбини яшириш учун Диёрага туҳмат тошини отишдан ўзини тиёлмади: тилла занжирларни кейинчалик маълум ҳақ эвазига қайтариб бериш шарти билан Диёра олганини айтди. Ҳайдовчи аёл бу туҳматдан донг қотди. Ички ишлар ходимлари занжир унинг кўрсатуви билан Диёрада, унинг машинасида, ҳатто ишга алоқадор деб у яшаётган хонадонда ҳам тинтув ўтказди. Аммо туҳмат исботини топмади. Натижада З. Бойлиева қилмишига яраша жазо олди.

Диёра Аманова эса жиноят содир этилишида айбсиз деб топилиб, оқланди ҳамда жиноят ишининг унга нисбатан қисми тугатилди. 

Муҳиддин ТЎХТАЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судьяси.