Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Доривор ўсимликлар билан даволанамиз

Доривор ўсимликлар ҳақида гап кетса, шубҳасиз, кўз олдимизга «Сарой жавоҳири» фильми келади. Чунки фильм бош қаҳрамони Тангем қайси ўсимликнинг қандай касалликка наф беришини аниқлаб, даволашда фақат табиий гиёҳлардан фойдаланади.

Қизиқиб кўрсак, Корея, Хитой давлатларида бугун ҳам доривор ўсимликлар маданий ҳолда етиштирилиб, замонавий табобатда кенг қўлланилар экан.

Қўлимизга Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»ни оламиз. Унда ҳам аксарият касалликларнинг давоси доривор ўсимликларнинг гули, банди ёки томиридан тайёрланган малҳамда мужассам бўлади.

Имтиёзлар эл саломатлиги учун

Бу мавзуда бежиз гап очмадик. Юртимизда кейинги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, улар етиштириладиган плантацияларни ташкил қилиш ва қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз шу йил 10 апрелда «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. Ушбу ҳужжат асосида доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерлари ташкил этиладиган бўлди. Муҳими, ташкил этиладиган кластерлар, уларни етиштирувчилар ва қайта ишловчилар томонидан 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган хомашё, шу жумладан, маданий плантациялар барпо этиш учун уруғ ва кўчатлар, ускуналар ҳамда махсус техникалар, шунингдек, фитобарлар учун зарур жиҳозлар божхона божидан озод қилинади.

Бу нимадан далолат, дерсиз. Бу, агар юртимизда ўсаётган доривор ўсимликлардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинганини ва 70 тури фармацевтика саноатида қўлланилишини ҳисобга олсак, келгусида шифобахш ўсимликларни кўпроқ етиштириш билан бирга уни тизимли равишда қайта ишлаш орқали тармоқни ривожлантириш мумкин, дегани. Натижа эса, аввало, саломатликни асраш ва албатта, иқтисодий фойда.

Келинг, шу икки жиҳатни мутахассислар хулосалари асосида таҳлил қилайлик.

Кимёвий усулда тайёрланган дори афзалми ёки табиий гиёҳ?

- Юртимизда 4 минг 300 дан ортиқ ўсимлик ўсади, шундан 750 тури доривор саналади, - дейди тиббиёт фанлари доктори Сайдулла Расулов. - Табиий доривор ўсимликлар инсон саломатлиги учун жуда муҳим. Масалан, кўпчилик биладиган оддий исириқни олайлик. Бугунги пандемия шароитида одамларимиз уни тутатиб, вирусдан сақланишда кенг фойдаланмоқда. Чунки унда шундай хусусият бор. Бундан ташқари, унинг саломатлик учун афзалликлари жуда кўп: халқ табобатида оддий исириқдан тайёрланган ванналар ревматик артритлар ва тери, унинг қайнатмаси эса шамоллаш, безгак, невраситиния касалликларида ўта фойдали.

Энди кўпчилик билмайдиган шифобахш гиёҳ – заъфарон (уни кўпроқ шафран дейишади) нинг фойдали жиҳатларига тўхталайлик. Заъфарон хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусияти билан ўсимликлар орасида тенгсиз ҳисобланади. Шунинг учун уни илгари Шарқда “қизил олтин” деб номлашган. Муҳими, у 100 дан ортиқ хасталикни даволовчи шифобахш хусусиятга эга.

Баъзилар замонавий тиббиёт ривожланган замонда гиёҳлардан фойдаланишга зарурат борми, дейиши мумкин. Ўйлаб кўринг-чи, инсон соғлиги учун қай бири афзал: кимёвий усулда тайёрланган дори воситаларими ёки табиий гиёҳлар? Кимёвий йўл билан тайёрланган дори инсон организмининг маълум аъзосига даво қилиш баробарида бошқасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай препаратларни кўп қабул қилиш туфайли бошқа хасталикларга чалиниш, аллергик касалликлар билан оғриш ҳоллари ҳам содир бўлади. Сабаби, улар организмнинг иммунитетини пасайтиради. Бу билан бундай дорилардан воз кечиш керак, демоқчи эмасман. Улардан ўз ўрнида, дейлик, касаллик хавфи юқори паллада тез таъсир кўрсатиши учун фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Шифобахш гиёҳ – олтиндан қиммат

Юртимизда шифобахш ўсимликларни табиий ҳолда асраш, етиштириш, йиғиш билан асосан ўрмон хўжалиги ходимлари шуғулланади. Албатта, бу юмушлар замирида иқтисодий фойда олиш ҳам бор. Хўш, бу борада Жомбой ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган ишлар таҳлили қандай?

- Хўжалигимизнинг умумий ер майдони 1090 гектарни ташкил этади, - дейди Жомбой ўрмон хўжалиги бош ўрмонбеги Жалолиддин Юлдашев. – Шунинг 44 гектарида мойчечак, календола, макка попуги, наъматак, чаканда, топинамбур каби доривор ўсимликлар етиштиряпмиз. Очиғи, доривор ўсимликлар етиштириш ва тўплаш ишларига эътибор қаратилганига энди уч йил бўляпти. Шунинг учун бу борада тажрибамиз ошди ёки иқтисодий фойдамиз кўпайди, дея олмаймиз. Аммо доривор гиёҳларга талаб ортмоқда. Ҳатто ошқовоқ уруғига талабгор бор. Шунинг учун айни кунда 2 гектар очиқ майдонда ошқовоқ экяпмиз, тағин ғалладан бўшаган яна 6 гектар майдонда ҳам экишни мўлжаллаб турибмиз.

- Доривор ўсимликлар етиштиришнинг меҳнати оғир, даромади шунга ярашами? - сўраймиз суҳбатдошимиздан.

- Очиғи, айрим гиёҳларни арзон сўрашади. Лекин уни етиштираётган 50 нафар ишчимиз бундан кўпам ранжимайди. Гоҳида хизмат ҳақини пулга чақишни унчалик хуш кўрмайди. Лекин бошқа бир гиёҳлар борки, даромади уларнинг ҳам ўрнини қоплайди. Масалан, 1 гектар ерда наъматак етиштириш учун 21,1 миллион сўм харажат қилиб, 48 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Пол-поладан 17 миллион сўм харажат эвазига 38,3 миллион сўм даромад олинади.

Заъфарон ўсимлигининг иқтисодий фойдаси ҳақида эса алоҳида гапириш мумкин. Бугунги кунда жаҳон бозорида 1 килограмм заъфароннинг нархи 400 доллардан 1000 долларгача баҳоланади. 1 килограмм гули 5000 долларгача сотилади. Тўғри, уни етиштириш жуда машаққатли иш. Лекин 1 гектар плантациядан биринчи йил ўртача 4 килограмм, иккинчи йили 7-8, кейинги йилларда 15-16 килограммгача ҳосил олинади. Бу йил хўжалигимизда 4 гектар ерда заъфарон етиштиряпмиз. Ўтган йили бу ноёб доривор ўсимликни парваришлаш йўл-йўриқлари, унинг ўзига хос табиати ҳақида маълумотлар тўпладик, ўргандик. Келгуси йил уни 6 гектар майдонда етиштирмоқчимиз.

- Бу шифобахш гиёҳларга қайси фармацевтика корхоналари талабгор?

- Ўтган йили маҳсулот етказиб бериш бўйича «Самарқанд дори-дармон», «Шифобахш» ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда «Ўзфармсаноат» давлат акциядорлик компаниясига қарашли фармацевтика корхоналари билан шартнома имзолагандик, - дейди Жалолиддин Юлдашев. - Уларга 1,5 тоннага яқин маҳсулотни ўриб, қуритиб, етказиб бердик. Бу йил 14 турдаги 2,5 тонна доривор ва озуқабоп ўсимлик маҳсулотларини фармацевтика корхоналарига сотишни мўлжаллаганмиз.

Табиат ҳар бир гиёҳни йиллар оша «сайқаллаб» яратган

Доривор ўсимликлар етиштириш борасидаги бу ишлар яхши. Аммо кейинги пайтларда бу ўсимликлардан ноқонуний тартибда, хўжасизларча фойдаланиш ҳоллари авж олди. Бундай дейишга асосимиз бор. Сиз Самарқанд шаҳри ёки туман марказида ишласангиз ишхонангизга зира, наъматак ёки мойчечак кўтариб келадиган кишиларга дуч келгандирсиз.

Яқинда ишхонамизга шулардан бири келди. Унда ёввойи ҳолда ўсадиган доривор ўсимликларни териш ва савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома ёки ҳужжати бор-йўқлиги билан қизиқдик. Нима бўлди денг? Сотувчи «Шунгаям ҳужжатми? Ота-бобом табиб ўтган. Зарар кўрсангиз, мана, мен кафил», деди. Балки у ростдан ҳам табибдир. Аммо ёввойи ҳолда ўсаётган дориворлардан фойдаланишнинг ўз тартиби, қонун-қоидаси бор. Юқорида таъкидланган қарорнинг номи ҳам айнан ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш. Энди бу тартибсизликка барҳам берилар.

- Шифобахш ўсимликлар меваси, гули ёки илдизини бозорлардан харид қилиш ярамайди, - дейди Сайдулла Расулов. - У ким томонидан, қандай тайёрлангани сиз-у бизга қоронғи-да. Ахир узум пишганда, бодринг барралигида ейилади. Худди шунингдек, доривор ўсимликларнинг қай паллада терилишини мутахассисларгина билади. Масаланинг бошқа томони ҳам кишини ҳушёрликга чорлайди. Яъни, ўсимликларнинг шифобахшлиги таркибий бирикмалари билан боғлиқ. Соҳа мутахассиси бўлмаса, уларга қайта ишлаб, қуритиш жараёнида путур етказиб қўйиш мумкин.

Масалан, ўзим гувоҳи бўлган бир ҳолат: олимлар зирани маданий ҳолда кўпайтириш учун анча машаққат чекишди. Оқибатда, фойда ўрнига зарар – зиранинг айрим хусусиятларига путур етди. Ҳиди, хушбўйлиги йўқолди. Демак, табиат ҳар бир гиёҳни минг йиллар оша «сайқаллаб» яратган. Уларнинг қадрига етмай пайҳон қилиш, йўқ қилиш гуноҳ. Набобат, оламига етказилган зарарни қоплаш эса инсон қўлидан келмайди. Қанийди айрим табиат «ошуфта»лари буни ўйлаб кўрса.

***

Мақоламиз аввалида, Корея, Хитой давлатларида бугунги кунда ҳам доривор ўсимликлар маданий ҳолда етиштирилиб, замонавий табобатда кенг қўлланилишини айтган эдик. Энди бизда ҳам доривор ўсимликларни етиштириш, асраш ва фармацевтика саноатида кенг қўллаш пайти келди. Бунинг учун, аввало, ёввойи ҳолда ўсаётган шифобахш ўсимликларни асрашимиз керак, имкони борларинигина маданий ҳолда кўпайтиришимиз зарур. Мухтасар мақоламизда мутахассислар фикр юритганларидек, малҳам гиёҳ – олтиндан қиммат. Қолаверса, доривор ўсимликлар халқ саломатлиги баробарида мамлакат иқтисоди учун ҳам кони фойда.

Акрам ҲАЙДАРОВ.