Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Достон ҳам нотага тушади ёхуд Самарқанд бахшилиги муаммолари хусусида

Қўлига дўмбирасини олиб, шу халқнинг маданиятини, ота-боболаримиз тарихини достонларида, термаларида, айтимларида куйлаётган бахшиларнинг ўзига хос ширали овози ҳеч биримизни эътиборсиз қолдирмайди. Тоғу даштларда эркин айтилган бу куйларнинг ўз оҳанрабоси бор. Эй-ёрей, деган сўзни қалбдан чиқариш ҳам барчанинг қўлидан келавермайди. Бунга истеъдод, Аллоҳ томонидан берилган ички бир овоз керак.

Булунғур бахшилик мактабининг издошларидан бири Шерқўзи Норбеков билан суҳбатимиз бугунги кунда бахшичилик санъатини ривожлантириш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, Самарқанд мактабининг ўзига хослиги, ёшларимиз орасида бу санъатни кенг тарғиб қилиш ҳақида бўлди.

- Бу кўҳна замин ўзининг буюк бахшилари билан машҳур, - дея сўз бошлади Шерқўзи бахши. - Пўлкан шоир, Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош ҳамда Ислом шоирлар ўз бахшичилик мактабини яратиб кетишган. Бугун Сурхондарёда ҳам, Қашқадарёда ҳам Самарқанд мактабининг асослари намоён. Фақатгина бу ҳудудларда ҳозир бахшиларга талаб кўплиги боис, санъатнинг бу тури биздан кўра кучлироқ ривожланган, сайқал топган. Уларнинг тўйлари бахшиларсиз ўтмайди. Талаб, эътибор бор жойда ўз устида ишлаш, санъатини ривожлантириш, изланиш, янгилик яратиш бўлади. Бизда-чи? Биз бу борада бироз ортда қолгандекмиз. Яқинда Сурхондарёда бўлиб ўтган халқаро бахшилик санъати фестивалида иштирок этиб, ўзимизнинг камчиликларимизни билиб олдик. Қозоғистон, Туркманистон, Грузия каби кўплаб давлатларда ҳам жировлар, бахшилар бор. Уларнинг ҳар бир айтадиган термалари, айтишувлари нотага солиниб, тартибга келтирилган. Бизда эса бунга аҳамият берилмаган. Ҳар бир бахши ўзининг овозидан, маҳоратидан келиб чиқиб куйлайверган.

Президентимиз томонидан бахшичилик санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани, биз каби бахшилардан бу соҳада изланиш олиб боришда, муаммоларини бартараф этишда, ёшлар қалбида бу санъатга меҳр уйғотишда фаол бўлишимизни талаб этади.

Шу  йилнинг 14 май куни қабул қилинган «Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда ҳам бахшичилик ривожланган туманларда вилоят ансамблларини ташкил этиш, мусиқий чолғулар ясайдиган усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бахши шоирлар томонидан яратилган ва ижро этилаётган достон, терма, айтимларни сифатли ёзиб олиш, маданият ва санъат муассасалари қошида тўгараклар, «Достон» кечалари ва таниқли бахши шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш белгиланди.

Аммо бугун шахсан менинг «Фозил Йўлдош авлодиман», дейишим осон эмас. Чунки бугунги кунда Фозил Йўлдошнинг ижодидан бирор бир намуна сақланиб қолмаган. У қайси услубда, йўналишда ижод қилган, овоз темпи қанақа, бизга номаълум. Бизга фақатгина моҳир сўз устаси бўлганлиги маълум, холос. Ваҳоланки, фольклоршунос олим Малик Муродов Фозил Йўлдошга «Ўзбек Гомери», дея таъриф берган. Шунинг учун, бу йўналишда мукаммал ижод қилиб, барча айтишувларни нотага солиш, Булунғур бахшилик мактабини қайта тиклаш устида иш олиб боряпман. Туманимиздаги 9-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби қошида фаолият юритаётган бахшичилик синфида ёшларга бахшичилик илмидан сабоқ бераман. Аммо бахшичилик шунчаки ўргатиладиган касб эмас. У ҳар бир инсоннинг қалбида туғилиши керак. Эътибор берсангиз, бахшиларимиз ички бир овозда куйлашади. Кимдир бўғиқ, кимдир очиқ. Шу билан бирга кучли сўз устаси ҳам бўлиши, мисол учун, сизга қараб, дўмбирасини олиб, таъриф бериши лозим. Ҳақиқий бахшилар чекка ҳудудларда қолиб кетаётгандек. Маданият марказларида ҳам бахшичилик тўгаракларини ташкил этиш янги-янги истеъдодларни кашф этишда замин яратади.

Ривоят қилишларича, отнинг думи узилиб дарахтга осилиб қолган. Қуёшда таранглашиб, шамол бўлганда тебраниб, ўзидан овоз чиқараётганига шу ерда қўй боқиб юрган чўпон аҳамият берган. Чўпон ёлни ёғочга тортиб, ундан чиққан куйга ўз кечинмаларини, қалбидаги дардини тоғу тошларга айтиб, вақтини ўтказган.

Бахшичиликнинг эркинлиги, маълум мусиқий меъёрларга эга эмаслиги ҳам шундан бўлса керак. Шунгами ҳар бир бахшининг овоз темпига мос дўмбираси доимий ҳамроҳи ҳисобланади. Ҳатто, усталар ҳам дўмбиранинг овозидан қайси бахшиники эканлигини дарҳол айтишади. Бугунги кунда ушбу санъатни мақом сингари тартибга келтириш, бастакорлар томонидан ноталарга солиш, уларга мусиқий безак бериш вақти келди.

Маълумот ўрнида: Бугунги кунда бахшичиликни ривожлантириш мақсадида вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида бахшичилик синфлари очилиб, Нуробод, Паст Дарғом, Булунғур, Нарпай ва Қўшработ туманларида 37 нафар болаларга бахшичилик санъати сирларидан сабоқ берилмоқда.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.