Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДТМ яна битта судда ютқазибди, бу сафар контрактдаги талаба бюджетга ўтказилиши керак. Муаммоли тест саволи эса яна ўша!

Ёдингиздами бундан аввал Тошкент давлат педиатрия институтига топширган жиззахлик абитуриент судда ютгани ҳақида хабар берилганди, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.

Бу сафар яна бир талаба судда ғалаба қозонибди. Камола Ботирова 2018 йилнинг июлида Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топшириб, шартнома асосида талаба бўлган эди. Лекин у давлат гранти асосида ўқиши кераклигига амин бўлиб, ДТМнинг апелляция комиссиясига шикоят билан мурожаат қилган. Лекин ДТМ ўтган сафаргидек, рад қилган. Талаба эса судга берган.

Юнусобод туман маъмурий судининг қарорига биноан, талаба ҳақ деб топилди ва ДТМга унинг натижаларини қайта ҳисоблаб, талабани бюджетга ўтказиш мажбурияти юкланди.

Бу воқеанинг бир қизиқ жойи бор. Иккала воқеада ҳам биология фанидан бир хил савол хато дея топилган. Мана ўша савол:

Озиқ занжирида видра (йиртқич ҳайвон), балиқлар, қисқичбақасимонлар ва сувўтлар бор. Учинчи тартиб консументларининг биомассаси 32 кг. бўлса, озиқ занжири барча компонентлари истеъмол қилган озиқнинг умумий биомассасини (кг.) аниқланг?

А) 35520;

В) 2800;

С) 35552;

  1. D) 12852.

Вариантларнинг аҳволини қаранг! 2 та вариант бир-бирига шу даражада яқинки, ҳатто тест тузувчиларнинг ўзи ҳам тўғри жавобда адашиб кетган. Лекин қолган 2 та алтернатив жавоблар эса ер билан осмонча бир-биридан фарқ қилади.

Иккала вазиятда ҳам талабалар 35520 вариантини белгилаган, ДТМ эса 35552 ни тўғри деган. Суд мутахассисларни жалб қилиб, ушбу саволнинг тўғри жавобини 35520 деб топди.

Яна бир жуда ва жуда қизиқ томони — иккала вазиятда ушбу савол абитуриентларга 57-савол бўлиб тушган.

Энди бошқа савол: хўш, бу хато савол яна қанча абитуриентнинг бошига етган экан-а? Қанча абитуриентнинг апелляциясини ДТМ ноҳақ рад қилган экан-а? ДТМ рад қилгач, барча ҳам юрак ютиб судга боравермайдику, тўғрими? Ёки истиҳола қилади, ёки югур-югурни хушламайди. Лекин бу уларнинг ноҳақ эканлигини билдирмайдику.

Ўтган сафар воқеага ўз муносабатимни билдира туриб, тизимда ижтимоий адолатнинг йўқлигини айтгандим. Чунки судда нотўғри дея топилган тест саволи бошқа минглаб абитуриентларга ҳам тушган бўлиши мумкин, шу сабабли аслида мазкур саволни ечган ва 35520 вариантини белгилаган барча абитуриентларга балл қўшилиши керак, у апелляция берган ёки бермаганидан қатъи назар. Чунки ДТМнинг хатоси учун ўзгалар жабр чекмаслиги керак. Мана бу - идеал ижтимоий адолат бўлади!

Албатта бизнинг шароитда бу шунчаки хомхаёл, утопия. Ҳеч қачон бунақа қилишмаса керак, ортиқча бошоғриқ кимга ҳам керак. Лекин яна ҳам ким билсин, ҳеч қачон «ҳеч қачон» демагин дейишганку.

Судда ютиб чиққан абитуриентлар учун хурсандман!