Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунё бўйлаб йилига 4,5 миллиард сигарета қолдиғи қолишини биласизми?

Атрофимизда бекорчиликдан, манманлик ва замонни рўкач қилиб қўлига сигарета тутиб юрган ёшлар жуда кўп. Сайёрадаги энг кенг тарқалган ахлат тури бу – чекилган сигарета қолдиқлари экан. Дунё бўйлаб ҳар йили 4,5 миллиарга яқин сигарет қолдиғи ташланишини биласизми? Хўш, бу кўрсаткичга сизнинг муносабатингиз қандай?! Ушбу рақамларнинг ўсиб боришида сизнинг “улишингиз” қанчани ташкил қилади?

Ижтимоий сўровлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, сигаретни кўпчилик ўсмирлик чоғида ҳавас учун чекиб кўраркан, кейинчалик унинг зарарини англагач, ташлай олмай қийналаркан. Чекишга ружу қўйиш хорижда аёллар орасида ҳам оммалашган. Улар кўча-куйда уялмай чекиб кетаверади. Аёлларнинг чекиши бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди. Ориятли, ғурурли эркаклар уйда аёлининг сигарет чекишини ҳазм қила олмайди. Аслида ўзлари чекишни астойдил ёқтирсалар ҳам. Бироқ, кейинги пайтларда юртимизда хотин-қизлар ўртасида ҳам чекиш оммалашмоқда.

Дунё бўйлаб чекишга қарши курашилаётган бир пайтда ёшлар ўртасида чекишнинг оммалашиши кишини хавотирга солади. Малайзия давлатининг Малакку шаҳрида 2011 йилдан буён чекиш қатъиян таъқиқланган. Бунга амал қилмаганларга жарима солинади. Сингапурда эса кўчада ҳаракатланган ҳолда чекиш мумкин эмас. Чекувчилар бир жойда турган ҳолда, юрмасдан чекишлари керак. Қоидага амал қилмаганларга 1000 сингапур доллари миқдорида жарима солинади. Янаям ҳайратланарлиси, Сингапурга четдан тамаки маҳсулотлари олиб кирилса, ҳар бир қути сигарет учун 5 доллардан бож тўлайди. Агар тамаки маҳсулотлари декларацияда кўрсатилмаган бўлса, ҳар бир қути сигарет учун 500 доллар жаримага тортилади.    

Саломатлигимиз – бу бизга берилган энг катта бойлик. Буни барча бирдек яхши билади. Аммо ҳаётнинг олтин қоидасига амал қилмай умрининг мазмунли вақтини сигарета қолдиқларига алмашаётган ёшлар бир зум тўхтанг, ўйланг. Кейинги пушаймон, ўзингга душман дейишади. Сигаретга тобе бўлиб қолишдан олдин, унинг организмга қарчалик зарарини англаб етсангиз, ўзингизга фойда. Шундай эмасми?

Турғунбой Хидиров.