Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дунёда коронавирус етиб бормаган қитъа қолмади

Антарктидада коронавирус инфекцияси билан биринчи касалланиш ҳолатлари қайд этилди ва шу тариқа дунёда COVID-19 пандемия «шарпаси» бормаган қитъа қолмади. Бу ҳақда Чилининг «La Tercera» газетаси хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, коронавирус Чилидаги «Хенераль-Бернардо-О’Хиггинс» антарктик станциясининг 36 ходимида аниқланган. Уларнинг 26 нафари ҳарбий, қолган 10 нафари станцияга хизмат кўрсатувчи пудратчи компания ишчилари. Уларнинг барчаси эвакуация қилинган ва шифокорлар назорати остида.

17 декабрь куни ноябрь ойи охири ва декабрь бошларида базага ташриф буюрган “Sargento Aldea” кемасининг учта экипаж аъзоси коронавирус билан касаллангани аниқланди.

Шундай қилиб, коронавирус бутун дунёни «ўзиники» қилиб олди. Ваҳоланки, яқиндагина русларга коронавирусдан яшириниш учун Антарктидага «қочиш»ни тавсия қилишган эди. Ўшанда тиббиёт фанлари доктори Владислав Жемчугов ишонч билан «Антарктида аҳолиси кам, алоқалар чекланган, одамлари соғломлиги боис бу ёққа вирус «бурнини тиқа» олмайди, совуқ ҳам унинг учун ўлим», дея таъкидлаган эди.

Гулнора ХОЛДОРОВА тайёрлади.