Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ДХХ Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги жанжал бўйича баёнот берди

Аввалроқ, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида қирғиз чўпонлари ва ўзбек чегарачилари орасида зиддият келиб чиққани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари баёнот билан чиқди.

ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йил 6 январь куни соат 13:30 ларда Наманган вилояти Поп туманининг Оқ-Курча ҳудудида ўзбек чегарачилари давлат чегарасини бузган шахсларни пайқашган. Улар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан 1,5 километр масофа ичкарига кириб келиб, 500 тага яқин майда шохли қорамолни ўтлатиб юришган.

Ўзбекистон Республикаси чегарачиларининг чегара бузилган жойга етиб келгунига қадар, қирғиз чўпонлари поданинг катта қисмини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-Буқа тумани Араб аҳоли пунктига олиб ўтишга улгурган. Поданинг қолган қисми кўрсатилган ҳудудда қолган.

Ўзбекистон чегарачилари томонидан қўшни давлат фуқаролари ҳамда қорамоллар Қирғизистон Республикаси ҳудудига чиқариб юборилди.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси чегара идоралари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Чегара ҳудуди аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда.