Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Экспорт контрактлари божхонада ҳисобга қўйилмайди: энди истиснолар қилинмайди

2003 йил 1 октябрдан буён Ўзбекистонда импорт контрактларининг божхона мониторинги тизими (Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими, ТСОЯЭАТ) амал қилади. У экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш заруратини деярли тўлиқ қондирди. ТСОЯЭАТ фаолият юритиши тартиби – бу ерда.

Бироқ шу пайтгача истиснолар сақланиб қолган эди. Қуйидаги ҳужжатларда кўрсатилган товарларга нисбатан экспорт контрактлари (қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлар бундан мустасно) давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйилиши лозим эди:

· Президентнинг 3.11.2017 йилдаги «Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5215-сон Фармонига 1-иловада;

· Президентнинг 15.12.2017 йилдаги «Ташқи бозорларда маҳаллий товарлар экспорт қилинишини рағбатлантириш ва рақобатдошлигини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–5286-сон Фармонига 1-иловада;

· Президентнинг 3.11.2017 йилдаги «Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3351-сон қарорига иловада.

Президентнинг 24.11.2018 йилдаги ПФ–5582-сон Фармони кучга кириши билан барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди. Тегишинча, юқорида санаб ўтилган истисноли ҳолатлар ўз кучини йўқотади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.11.2018 йилдан кучга кирди.