Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

«Эл-юрт умиди» жамғармаси илмий салоҳиятни оширишга, аждодларимизга муносиб ворисларни тарбиялашга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш маркази давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 25 сентябрдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси этиб қайта ташкил этилганди.

2019 йил 4 январда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ жамғарманинг асосий вазифалари, молиялаштириш манбалари белгиланди, тузилмаси, Васийлик кенгашининг таркиби тасдиқланди. Юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш механизмлари ишлаб чиқилди. Таълим соҳасидаги етакчи хорижий ҳамкорларни топишда дипломатик ваколатхоналар фаолиятини жонлантиришга киришилди.

“Эл-юрт умиди” фонди дастурлари бўйича шунингдек, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида танлаб олиш схемаси тасдиқланди. Бу бевосита хорижий мамлакатлар етакчи университетлари, илмий марказлар, бошқа компания ва ташкилотларда истиқболли кадрларни ўқитиш учун буюртмалар портфелини шакллантиришдан тортиб, то ҳар йили декабрь ойи охиригача стипендиялар ғолибларига оид маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилишгача бўлган босқичларни ўз ичига олади.

Ўтган йилда “Эл-юрт умиди” жамғармасини молиялаштириш учун 50 миллиард сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда 72,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Умуман, 2019-2021 йилларда Жамғарма стипендиялари ҳисобидан 4 минг мутахассис ўқишга юборилиши белгиланиб, ажратилган ўринларнинг 20 фоизи магистратура ва докторантурада ўқиш учун ажратилади.

Энди жамғарманинг Васийлик кенгаши халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингига кўра, жаҳондаги энг яхши 500 талик ёки танланган фан йўналиши бўйича энг яхши 200 талик рўйхатга кирган хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларнинг магистратураси ёки докторантурасига мустақил тарзда кирган ва таълим олаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига жамғарма стипендияларини ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади.

Қарорга мувофиқ, номзодларни, айниқса республика ҳудудларида Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга ўқитиш махсус дастурлари ишлаб чиқилади ва 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уларни хорижий тилларга ўқитиш махсус дастурлари асосида мақсадли курслар ўз ишини бошлайди.

- «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан чет эл олий ўқув юртлари ва илмий марказларида малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун стипендияларга танлов эълон қилинди, - дейди Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими ходими З.Эшмуродова. – Ушбу стипендиялар дастури олий таълим тизими салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, икки ойгача бўлган муддатда хорижий таълим ва илмий муассасаларда малака оширишга, 6 ойгача хорижий таълим муассаалари, илмий марказларидан ташқари, давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда стажировка ўташга, 1-2 йил мобайнида магистратура, 1-4 йилда докторантура дастурлари асосида таълим олишга йўналтирилади. Жамғарма ситпендиялари танловидан ўтган шахслар ушбу дастурлар бўйича таълимни якунлаганликларидан сўнг мамлакатимиз олий таълим муассасаларида фаолият юритиши талаб этилади.

Танловга ҳужжатларни қабул қилиш ўтган йилнинг 20 декабридан, жорий йилнинг 20 январигача давом этади. Ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилинмоқда. Айни пайтда биринчи босқич танлови учун университетимизнинг 12 нафар ёш ўқитувчилари ва магистрантлари талабгор сифатида ҳужжат топширишди. Ёз ойларида ташкил этиладиган иккинчи босқич жамғарма стипендияларига ўтказиладиган танловга олийгоҳимизнинг 50 нафарга яқин талабгорларнинг ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.