Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Элчихона Хитойда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги Элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 2020 йил 25 январь куни коронавирус тарқалиши сабабли, Хитой ҳукумати мамлакатнинг 1,2 миллиард киши истиқомат қиладиган 25 та провинцияси, марказга бўйсунадиган шаҳарлари ва махсус маъмурий ҳудудларида соғлиқни сақлаш бўйича энг юқори даражадаги фавқулодда вазиятни жорий этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги хабарида қайд этилишича, Хубей провинциясининг 15 дан ортиқ шаҳарларида махсус карантин чоралари жорий этилган: транспорт вақтинча тўхтатилган, вокзаллар ва аэропортлар ишламаяпти. Пекин шаҳрида 30 дан ортиқ киши ушбу касалликни юқтирган бўлиб, у ерда аксар диққатга сазовор жойлар, театрлар, музейлар, шу жумладан Тақиқланган шаҳар ёпилган.

Элчихона Хитойда бўлиб турган ёки мамлакатга туризм ва бошқа мақсадлар учун ташриф буюрмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига барча хавф-хатарларни инобатга олиш ва барча эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилади.

Шунингдек, элчихона январь ойида Ухандан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан боғланишни сўраган.

Энг сўнгги маълумотларга қараганда Хитойда коронавирусга чалинганлар 2027 кишига етган, ҳалок бўлганлар сони эса 57 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақида “Ванъи“ ахборот портали хабар берган.