Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Электрон меҳнат дафтарча»сига қачон ўтамиз?

Меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир. Амалдаги тартибга кўра ходим ишга қабул қилинаётганда уни тақдим этиши шарт. Иш берувчи эса корхонада 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимларига меҳнат дафтарчасини тутиши лозим.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонига кўра, мамлакатда ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг “электрон меҳнат дафтари” тизими жорий этилиши муносабати билан 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилиши тўхтатилиши керак эди.

Аммо, ҳалигача, президентнинг мазкур фармонида “электрон меҳнат дафтари” тизимига оид белгиланган вазифалар бўйича зарур ишлар амалга оширилмади. Янги тизимни амалиётга татбиқ этишнинг зарур механизмлари ишлаб чиқилгани йўқ.

Ҳозирча бу тизимнинг ҳуқуқий асоси яратилмаган. Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда рўйхатга олинган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома бугунги кунда “электрон меҳнат дафтари”га оид бирорта ўзгаришларсиз амал қилиб келмоқда.

- “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимини жорий этиш сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 1 январидан синов тариқасида фақат вазирлик тизимида ишга туширилди, - дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умиджон Маматов. - Бундан кўзланган асосий мақсад, бу каби «меҳнат дафтарча»ларини мамлакат бўйлаб кенг тадбиқ этишдан аввал синов лойиҳаси орқали тизим ишончлилигини текшириш, юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш ва тизимни янада такомиллаштиришдан иборатдир. Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасидан электрон шаклга ўтиш жараёнида аҳоли учун ортиқча мураккаблик ва чалкашликлар юзага келмаслиги учун вазирлик томонидан ана шундай тажриба йўлга қўйилмоқда. Шу боис, мавжуд маълумотларнинг дахлсизлиги ва тўлиқ сақланишини кўзлаган ҳолда одатий қоғоз кўринишидаги меҳнат дафтарчалари тизими ҳам сақлаб қолинди, яъни “Электрон меҳнат дафтарчаси” амалиётга тўлиқ жорий қилингунча, қоғозли меҳнат дафтарчаси ўз кучини йўқотмайди ва шу асосда фуқаролар ишга қабул қилинади.

Балки тез кунларда электрон меҳнат дафтарини юритиш механизмини тартибга солишга оид йўриқнома ва “электрон меҳнат дафтари” базасини очиш учун махсус электрон калит олишнинг ҳам имкони бўлар. Лекин, унга қадар бундан буён қандай тартибда иш юритиш лозимлиги ҳақида иш берувчиларга тегишли тушунтиришлар бериб борилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дилмурод Тўхтаев.