Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эльмира Боситхоновани Ироданинг иродаси ҳайратга солди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги 100-ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ташриф буюриб, ушбу мактабнинг 6-синф ўқувчиси, шу кунларда “Central Asiaʼs Got Talent” кўрсатувида “Шукр қилинг” номли шеъри билан кўпчиликни ҳайратлантирган қизалоқ Ирода Ўрозова билан учрашган эди. Ўшанда ундан шеър тинглашган ва иқтидорини юқори баҳолаб, “Шу қизчанинг кўзларида нимадир бор, ғам ва ҳаётдан бошқа”, деган фикрда қайтишганди.

Ирода Ўрозова асли Сурхондарёнинг Қизириқ туманидан. Отаси Фарҳод ака ва онаси Ойсултон опалар фарзандининг иқтидорини парвариш қилишади. Устозлари ҳам мунтазам эътибор қаратишади. Унинг қўлчаларида туғма ногиронлик бор. Шеър ёзади, рақсга тушади ва ашула ҳам айтади. Мактабда 2 марта шашка бўйича мусобақа ғолиби ҳам бўлган.

Ирода қўлларини соғлом деб ўйлай олганига ҳайратланасиз, кўрсангиз. У “Мен қўлларим билан мустақил равишда ҳамма нарса қила оламан. Китобни ушлай оламан, шеър ёза оламан, ҳатто микрофон ҳам тута оламан”, дейди.

Ироданинг ҳаётдаги мақсади унга барча имкониятни яратиб бераётган ота-онаси, устозлари ва Ватанининг ишончини оқлаш, келажакда журналист бўлиб, юртимизга хизмат қиладиган инсон бўлиш.

Сенатор, Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова октябрь ойида масъул бўлимларга И.Ўрозова ўқиётган Олмазор туманидаги мактаб-интернатни маънавий оталиққа олишни маълум қилган ҳамда молиявий жиҳатдан ҳам кўмаклашиш чораларини кўриш топшириғини берган эди. Қўмита ва мактаб ўртасида бу жараён амалга оширилмоқда.

Э.Боситхонова Ирода Ўрозованинг истеъдодини рағбатлантириш, шунингдек, уни ҳамда ушбу мактаб-интернатда ўқиётган у каби иқтидорли қизалоқларни Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодликка тайёрлаб бориш тизимини йўлга қўйиш топшириғини берди.

Эльмира Боситхонова “Ироданинг иродасига қойилман!”, дея ўз ҳайратини изҳор этди.