Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди “чўнтак адвокатлари” бўлмайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммолар танқид қилиниб, адвокатура тизими ҳақида ҳам алоҳида сўз юритилди.

Хусусан, одил судловни таъминлаш, адолат қарор топишида адвокатура институтининг ўрни беқиёслиги таъкидланиб, тизимда кадрлар танқислиги ва сифати масаласига эътибор қаратилди. Андижон, Термиз, Нукус, Миришкор, Зафаробод, Узун каби 20 та, шу жумладан Самарқанд туманида ҳам бирорта адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмагани таъкидланди.

Албатта, бу эътироз палатамиз олдига ҳам муҳим вазифани қўйди. Қайсики, соҳага ёш мутахассисларни жалб қилиш, соҳадаги тажрибали кадрлар имкониятидан унумли фойдаланиш чораларини кўришни тақозо этади. Негаки, йиғилишда давлатимиз раҳбари адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш, шунингдек, юридик олий ўқув юртларида “адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш лозимлигини таъкидлади.

Қайд этиш лозимки, бу тартиб жорий йил 1 сентябрдан амалга киритилади. Демак, одамларни ҳимоя ҳуқуқига эга бўлишларида танлов, таклиф кенг бўлиши учун янги имконият яратилади.

Соҳанинг оғриқли нуқталаридан яна бири - “чўнтак адвокатлари”га дахлдор. Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Шу сабабли давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларнинг электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу амалиёт дастлаб пойтахтда эксперимент тариқасида жорий этилади.

Йиғилишда адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиб, муҳокамага олиб чиқиш тўғрисида аниқ кўрсатма берилди. Бу эса “чўнтак адвокатлари”ни тугатиб, замонавий ҳимоячилар корпусини шакллантиришга хизмат қилади. Бу - давлат раҳбарининг талаби, одамларнинг эҳтиёжи.

Тоҳир ҚОДИРОВ,

Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят худудий бошқармаси бошлиғи.