Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди ишлаётган пенсионерлар пенсиясини тўлиқ олади

- Шу вақтгача ҳамма пенсионерлар ҳам ишлашдан бирдек манфаатдор эмас эди. Чунки ишлаганларнинг пенсияси қоқ ярмидан кесиларди, - дейди фахрий журналист Тоғаймурод Шомуродов. - Хомчўт қилиб кўрилса, пенсия ёшида ишлаган кексаларнинг топадиган даромади уйда ўтириб пенсия олаётганларникидан унча катта фарқ қилмасди. Президентимизнинг “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шу моддий манфаатдорликни ошириши билан аҳамиятлидир.

Тўғри, бугун тармоқларни жадал ривожлантириш жараёнида ёш, ғайратли, билимдон, янгиликка чанқоқ кадрлар сув ва ҳаводек зарур. Аммо уларга йўл-йўриқ кўрсатадиган, ўзининг кўп йиллик бой тажрибаларини ўргатиб, устозлик қила оладиган, содда қилиб айтганда, соҳанинг енгидан кириб ёқасидан чиқиб кетадиган пирларининг кўпи пенсия ёшида. Президент фармони ана шундай етук мутахассислар, ўз ишининг усталарини яна жонажон касбига қайтариш, бой тажрибаси ва илмий салоҳиятини соҳалар ривожига жалб қилиш, ўз ортидан ёш кадрларни эргаштириши учун ноёб имконият яратиб берди, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, агар ҳар қандай ишхонада ёши улуғ кишилар бўлса, бу ўша ерда тартиб-интизом, осойишта, муҳими, ишда хато кам бўлади, дегани. Чунки, ёшлар кексалардан нафақат соҳавий, балки ҳаётий сабоқларни-да ўрганишади.