Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди тадбиркорлар ҳам аҳолидан пул қабул қилиб, уларга даромад тўлаши мумкин

Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 21 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига асосан фақатгина тижорат банклари эмас, балки масъулияти чекланган жамиятлари ҳам аҳолининг бўш пул маблағларини қабул қилиб, даромадли облигациялар билан уларнинг айланма маблағларини кўпайтириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳисобига аҳолининг даромадини ошириш имкониятига эга.

Ушбу қонун мамлакатда бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш, республика иқтисодиётига аҳоли ва инвесторларнинг бўш маблағларини жалб қилиш орқали бўш маблағларни ҳаракатга келтириш ҳамда уларнинг даромадини ўстириш имконини беради. Шунингдек, реал сектор корхоналарининг давлат кафолати ва банклар белгилайдиган ставкалардаги кредитларига боғлиқлигини камайтиради.

Корпоратив облигацияларни жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун белгиланган шартларга риоя этган ҳолда акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган жамиятлари томонидан чиқарилади ва жойлаштирилади:

- облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги ўз капитали миқдори доирасида, шунингдек агар корпоратив облигациялар суммаси эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошса, ошган қисмига инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун таъминоти;

- аҳоли бўш пул маблағларининг кафолати сифатида сўнгги бир йилда рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидлиликнинг ижобий кўрсаткичларига эга бўлиши;

- облигациялар чиқарилишидан олдинги бир йил учун молиявий ҳисобот бўйича холис аудиторлик хулосаси мавжудлиги лозим бўлади.

Инвесторлар, шу жумладан, аҳолининг бўш пул маблағлари тўланиши бўйича тўлов агентлари вазифасини бажарувчи тижорат банклари иштирокида чиқарилади.

Капитал бозоридаги қулайликлардан тадбиркорлар ҳамда масъулияти чекланган жамиятлари иштирокчилари ва раҳбарлари самарали фойдаланган ҳолда ўз вақтида молиявий саводхон бўлган мутахассислар орқали облигация чиқаришни йўлга қўйиш билан кейинги уч йил муддатга айланма маблағларига эҳтиёж сезмайди. Яъни инвесторлардан пул маблағларини бевосита шартномалар орқали қабул қилиб олади ва облигацияда белгиланган муддатда фоизларда инвесторларга даромадлар тўланади.

Бундан кўринадики, уч йилдан сўнг корпоратив облигациялар сўндирилади ва тадбиркорлик субъекти ишлаб чиқариши бардавом ўсиши оқибатида молиявий барқарорлиги таъминланади, шунингдек, корхона фойдаси ортиб бориши ҳисобига аҳолининг бўш пул маблағлари бўйича даромади ошишига хизмат қилади.

Норбой ЖЎЛМАТОВ,

  Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги
  вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.