Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эндопротезлар қачон ўзимизда тайёрланади?

Сўнгги вақтларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари олишда сарсонгарчилик ва ойлаб навбат кутишга учраётгани ҳақида кўп эшитяпмиз. Чунки бугунги кунда вилоятимизда протез маҳсулотларини тайёрлайдиган бирорта корхона йўқ. Уларни фақат Тошкент шаҳридаги корхоналар ишлаб чиқармоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 20 июнда қабул қилинган "Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, 2018-2022 йилларда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконс­трукция қилиш белгиланган.

- Вилоятимизда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси етарли даражада бўлмаганлиги сабабли тиббий-ижтимоий реабилитациянинг илғор услубларини жорий қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини протез-ортопедия маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлашнинг имкони бўлмаяпти, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Илҳом Ваҳобов. - Ҳозирда вилоятимиздаги 1,5 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахсларга бор-йўғи иккита ортопедия-реабилитация ва протезларни таъмирловчи устахона хизмат кўрсатади. Уларда  ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқарилмасдан, фақат таъмирланади. Жорий йилда муҳтожларни янги ортопед-протез воситалари билан таъминлаш мақсадида 620 миллион сўмлик лойиҳа-смета тасдиқланди. Май ойида тендер ўтказилгач, корхоналарга пул ўтказиб берилади.

Тажрибали уста Муҳаббат Тоҳирова бошқараётган Тошкент ортопедия маҳсулотлари Самарқанд филиали вилоятимиздан ташқари Жиззах, Бухоро ва Навоий вилоятларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг ортопедия воситаларини таъмирлаб беради. Етти киши меҳнат қилаётган устахона орқали ўтган йили махсус талон асосида чарм-шина протез, протез пойабзал каби 350 га яқин мураккаб ортопедия маҳсулотлари етказиб берилган бўлса, юздан ортиғи шу ернинг ўзида таъмирланди.

Бугунги кунда устахонада мижозлар буюртмаси бўйича 8 турдаги маҳсулот тайёрланади. Аммо, кўкрак бези протези, мураккаб ортопед пойабзали ва протезга пойабзал, бандаж, ортопед аппаратлари каби тайёр буюм-маҳсулотлар пойтахтда жойлашган бош корхонадан олиб келинади. Устахонада бемалол ишлаш учун шарт-шароит йўқлигидан усталар айрим буюртмаларни уйларида тайёрлаб келишга мажбур бўлишади. Иккита кичик ва пастқам хоналарда чарм ва протез тикувчи машиналар, турли қолиплар, пресс, темир ўткирловчи ва кесувчи ускуналар жойлаштирилган.

- Устахонамиз зарур чарм-шина маҳсулотлар ва эҳтиёт қисмлар етишмаганлиги сабабли бир неча бор ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди, - дейди Муҳаббат Тоҳирова. - Ўз биномиз йўқлигидан Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан ажратиб берилган кичикроқ хоналарда ижара асосида иш юритяпмиз. Хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида бино ажратиб беришларини сўраб Самар­қанд шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилганмиз.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Тошкент протез-ортопедия корхонасининг вилоят филиали билан ҳам жорий йил учун ҳали шартнома тузмаган. Вилоят ногиронларни реабилитация қилиш маркази қошида жойлашган мазкур устахонада сон, болдир, қўл ва оёқ туторлари оёқ аппарати, мураккаб ва протез учун пойабзаллар тайёрлаш имконияти мавжуд. Аммо, маблағ йўқлиги сабаб таъмирлаш учун зарур бўлган пластик маҳсулот ва эҳтиёт қисмлар сотиб олишнинг иложи йўқ.

- Ўтган йили қарийб 148 миллион сўмлик 340 га яқин пластикли ортопедия маҳсулотларини ўз эгаларига етказиб берган бўлсак, жорий йилда ҳали бирорта ҳам буюртма олганимиз йўқ, - дейди устахона раҳбари, травматолог-ортопед Бозорбой Воисов. - Чунки ҳали тендер ўтказилгани йўқ. Кутяпмиз, тезроқ маблағ ажратилса, талон асосида ишларни бошлаб юборардик. 160 миллион сўмлик ортопед-протез маҳсулотлари тайёрлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Аммо, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Тошкентдаги корхонамиз билан ҳали шартнома имзоламаган. Ҳозирча ҳар ойда марказда даволанаётган 20-25 нафар беморнинг эски протезларини ямаш, майда-чуйда таъмирлаш ишлари билан вақт ўтказяпмиз.

Шунингдек, бу ерда малакали протезчи мутахассислар етишмагани сабабли мураккаб протезларни Тошкент протез-ортопедия корхонасидан келган тажрибали усталар ясаб беришади. Улар икки ҳафта шу ерда бўлиб, 100 га яқин турли ортопед-протезлар, пластик корсетлар, қўл ва оёқ тутори каби алоҳида эътибор талаб қиладиган маҳсулотларни ясаб, таъмирлаб "оёққа қўйишади". 

"Муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом"га кўра, таъмирлаш ишлари учун маблағ ажратилмайди. Улар нақд пулда амалга оширилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг касаллик турига қараб протезлар 2 йилда бир маротаба берилса, баъзилари 1 йилда алмаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, тиббиёт бирлашмалари томонидан ажратилган талонга бериладиган барча протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари беморларга бепул етказиб берилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.