Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ер талашган қўшниларнинг жанжали фожиа билан тугади

Ботир (исмлар ўзгартирилган) билан Ғани ён қўшни. Ғани уйининг қора томонидаги фермер хўжалигига тегишли бўлган 68 сотих ердан анча йиллардан бери фойдаланиб келаётганди. Ботир фермер хўжалигига раис бўлгач, Ғани оиласи билан фойдаланиб келаётган ерни бермай қўйди. Шундан кейин ўртада низо бошланди, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.

Ёз кунларининг бирида Ғани маст бўлиб қўшнисининг уйига келди. Ақл чекиниб, жаҳл отига минган Ғани қўшнисини чақира бошлади. Ботирнинг турмуш ўртоғи чиқиб, эри уйда йўқлигини айтиб балога қолди. “Эринг қани? Чақир Ботирни”, деб дераза ойнасини синдирди. Қўшни аёлга ҳам тан жароҳати етказди. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан тегишли идорага арз қилишди. Ботирга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, жарима жазосига тортилди.

Бу кўнгилсизликлар Ғанига салбий таъсир қилган бўлса, оиланинг бошқа аъзоларининг кўнглида қўшнига нисбатан нафрат уруғи қадалди.

Ўша куни кечки пайт Ғанининг ўғиллари Нурали билан Шерали бошқа фермер хўжалигига қарашли ер майдонидаги токларига ўра ковлаб келаётганди. Уйига яқинлашганда Ботир улар фойдаланиб келган ерни трактор билан ҳайдатаётганини кўрди. Ғазабини ичига ютиб уйга киришди. Дадаси спиртли ичимлик ичиб, ухлаб ётган экан. Уйғотиб бедапоясини ҳайдаётганини айтишмади. Онасига савол назари билан боқди.

- Шошмай туринг, дедим тракторчига. Ботир айтди, ҳайдашим керак, деб туриб олди тракторчи, - деди аёл. Биргалашиб овқатланаётганди Ғани уйғониб қолди. Трактор овозини эшитиб ташқарига чиқди. Болалари ҳам отаси ортидан эргашди. 

Одам меҳнати сингган жойни ҳеч кимга бергиси келмайди, албатта. Айниқса, Ғани каби йиллар давомида пешона терини тўккан ерга меҳр қўяди киши. Лекин тартиб-қоидаларга ҳам амал қилмаса бўлмайди.

Ғанининг жаҳли чиқди.

- Ғалла десанг, ғалла экиб берардим. Пилла десанг, пилла боқиб берардим. Сендан олдинги икки раис билан ҳам келишиб ишлагандим, - деди.

- Топшириш керак бўлган маҳсулотни ўзим ҳам топширавераман, - деди Ботир. - Ер керак бўлса сотиб ол, - деб қўшиб қўйди.

Оғзаки тортишувга аёллар ҳам қўшилди. Ўртада дилни хира қиладиган гаплар айтилди. Тўпланганлар уришаётган икки қўшнини уйларига киритишди.

Ҳали сархушлиги тарқамаган Ғани ўғилларига:

- Ерни ҳайдатаётганини кўриб туриб, нимага менга айтмадинглар, - деб бақирди.

Уни болалари зўрға тинчлантирди.

- Ҳамманг, жой-жойингга бориб ёт, - деди Ғанининг аёли болаларига.

Нуралининг кўзига уйқу келмади. Ўйлаб-ўйлаб Ботир билан гаплашиб олиш учун чиқиб кетди.

Шерали ҳам ҳали ётгани йўқ. Бутун вужудини ғазаб, нафрат кемириб, тинч туролмаяпти. Нуралининг чиққанини кўриб, ортидан борди. У қўшни уй томон кетаётганди.

Йигит ортига қайтиб, ертўлага тушди. Қанча пайтдан бери давом этаётган жанжалга якун ясашни истади. Ерни тортиб олиб, оиласининг танчини бузгани учун Ботирдан ўч олади. Ҳозир айни пайти. Уни ўлдирсам, ҳаммамиз тинчиймиз деб ўйлади. Болтани олиб кўчага чиқди. Акаси Ботир билан ер масаласида гаплашаётганди. “Йўқ, ерни бермайман”, деди. Шералига бу гап янаям алам қилди. Сездирмай бориб, болтанинг тиғли қисми билан Ботирнинг бошига урди. Атроф қоронғи, бунинг устига ёмғир ёғаётганди. Нурали нима бўлаётганини сезмай қолди. Ботир ерга йиқилди.

- Нима қилиб қўйдинг? – деди акаси. Унинг қўлидаги болтани тортиб олмоқчи бўлиб.

Бироқ Шералининг важоҳати ортса ортдики, камаймади. Акасини ҳам итариб, Ботирнинг бошига яна икки марта урди.

Нурали туриб укасини уйига олиб кетди. У жуда қўрқиб қолганди. Бу ерда қолмай амакисиникига кетиб қолди. Ота-онаси Шералининг аҳволини кўриб қўрқиб кетди.

- Кимни урдинг болта билан? – деди дадаси.

- Ботир акани, - деди Шерали.  

Ғани ўғлини уришиб турганда, Ботирнинг онаси билан опаси бақириб келиб қолди. Бир зум қий-чув бўлди. Йўловчи машинада Ботирни шифохонага олиб кетишди.

- Ботирни урганингни ҳеч кимга айтма. Мен ўзим бўйнимга оламан, - деб тайинлади ўғлига Ғани. Болтани ҳожатхонага ташлаб юборди.

Тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида Ботир олган тан жароҳатлари туфайли вафот этди.

Суд ҳукми билан Шерали 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жабрланувчи фойдасига 10.000.000 сўм моддий зарар ундириладиган бўлди.

Бировга ҳасад қилиш ёки ким биландир адоватга бориб уни кўнгилда олиб юриш яхшиликка олиб келмайди. Шерали ҳам оилавий зиддиятга бориб қолган Ботирга нисбатан адоватни миясидан чиқариб ташлолмади. Адоват, нафрат уруғи бўй кўрсатиб, уни жоҳилликка бошлади.