Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эрдўған: 150 мингга яқин қочоқ Туркиядан Греция томон йўл олган

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқара қочоқлар учун чегарани очиб берганидан сўнг 150 мингга яқин қочоқ Греция томон йўл олганини маълум қилди.

Идлибдаги (Сурия) вазият кескинлашганидан кейин Туркия қочоқлар, муҳожирлар оқимини ортиқ ушлаб тура олмаслигини маълум қилди ва Европа Иттифоқи билан Туркия ўртасидаги чегараларни очиб юборди. Муҳожирлар инқирози асосан Туркия билан чегарадош давлатлар – Греция ва Болгарияга таҳдид солмоқда.

“Биз қочоқларни тўққиз йил боқдик ва кийинтирдик. Энди улар Европага боришни исташяпти. Мен ҳар доим айтганман: агар бу юкни биз билан бўлишмасангиз, биз эшикларни очамиз. Улар мени ҳазиллашяпти, деб ўйлади. Аммо мен эшикларни очдим. Айни вақтда бизнинг меҳмонларимиз кетяпти, биз уларни ушлаб туришга мажбур эмасмиз. 150 мингга яқин одам Греция томон йўл олди. Айни вақтда у ердан уларни куч ишлатиб ортга қайтаришга ҳаракат қилишмоқда”, деди Эрдўған Адолат ва ривожланиш партиясининг парламент фракциясида қилган чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, “Қочоқлар Грецияда қолиш ниятида эмас. Уларга сизнинг ҳудудингиз орқали янада бойроқ мамлакатларга боришларига имкон беринг, эшикларингизни очинг. Бироқ қочоқларга ҳужум қилиб, инсониятга қарши жиноят содир этаётган Грецияга ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Ўз ҳаётларини сақлаб қолишни ва фарзандлари учун келажак қуришни истовчи инсонларга қарата ўқ узиш – бу ваҳшийлик”.