Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳамшира бугунги тиббиёт талабларига жавоб бераяптими?

12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан айрим фикрларимизни билдиришни лозим топдик.

Тиббиёт ҳамширалари – беморлар учун энг кўп қайғурадиган, кеча-ю кундуз уларнинг иссиқ-совуғига қараб турадиган, врачлар тавсияси билан муолажани амалга оширадиган касб эгалари. Беморнинг тузалиши кўп жиҳатдан уларга боғлиқ.

Аслида, бу касб қандай пайдо бўлган? Замонавий ҳамширалар қандай бўлиши керак? Уларнинг вазифалари нималардан иборат?

Бир неча йиллардан бери тиббиёт коллежида бўлажак ҳамшираларга умумий ҳамширалик фанидан дарс бериб келамиз. Машғулотларда замонавий тиббиётнинг келиб чиқиши, беморларни даволовчи ва унга кўмакдош бўлган ҳамширалар ҳақида сабоқ берамиз.

Тиббиёт узоқ тарихий даврларни ўз ичига олади. Турли касалликларни даволаш ва олдини олиш ҳақидаги билимлар асоси халқимизнинг тажриба ва кузатишлари орқали маълум бўлган. Табиийки, инсон бундай азиятларни бартараф этиш мақсадида турли гиёҳ, кукун ва малҳамлардан фойдаланиб беморларни даволай бошлаган. Натижада одамлар орасида даволаш ишлари билан шуғулланувчи кишилар пайдо бўлган. Бу ўринда ҳамширалик иши асосчиси, бой аристократлар оиласи вакили бўлган Флоренс Найтенгейлнинг соҳа ривожидаги қилган хизматини унутмаслик керак. У яшаган даврда ночорларга, касалларга ёрдам бериш олий табақа хонадони вакилларига мансуб аёлларга муносиб эмас деб ҳисобланган. Шунга қарамасдан Флоренс ночор одамларга ёрдам беришга қарор қилган. Кейинчалик бир гуруҳ кўнгиллилар билан уруш майдонида ярадорларга тиббий хизмат кўрсатди. Урушдан сўнг ҳам ўз фаолиятни давом эттириб, ҳамширалар тайёрлаш, улар ишининг аҳамиятини жаҳонга ёйиш хусусида дунё ҳамжамиятига мурожаат қилган инсон сифатида тарихда қолган. Шундай қилиб, касалликларни даволаш жараёнида шифокорларнинг яқин кўмакдоши, буюрилган муолажаларни бажарувчи ва бемор билан бевосита мулоқотда бўлувчи ҳамширалар пайдо бўлди. Йиллар ўтиб, улар зиммасидаги вазифалар кўлами ҳам тобора кенгайиб борди. У нафақат буюрилган вазифаларни бажарувчи, балки қабулга келувчилар билан мулоқотда бўлувчи, беморни парвариш қилувчи замонавий тиббиёт ходимига айланди.

Замонавий тиббиётда ҳамшира умумий амалиёт врачи билан биргаликда аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бу касбни эгалламоқчи бўлганлар инсоният олдидаги масъулият ва ишончни тўла ҳис этишлари лозим. Бугунги кун ҳамшираси беморларни парваришлаш, уларни текшириш, вазиятни баҳолаш, шунингдек, шифокорларнинг барча кўрсатмаларини бажариш, диагностика муолажаларини амалга ошириш, шошилинч ёрдам кўрсатиш вақтида ўзи мустақил равишда кўрсатилган тартибда амалга ошириши лозим.

Шоҳсанам АБДУЛЛАЕВА,

Зубайда ЖЎРАҚУЛОВА,

Сиёб тиббиёт коллежи ўқитувчилари.