Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фан оламида: Қутб қуюнининг машъум сирлари

«Ер биосферасининг сирли емирилиши – давримизнинг кутилмаган энг нохуш иқлим «туҳфаси»дир», деб ёзади «Мир новостей» (2019 й. 5-сон) ҳафтаномаси.

Америка ва Ғарбий Европа иқлимшунослари Шимолий яримшарнинг катта қисмида об-ҳавони белгиловчи ҳодиса рўй бераётган Шимолий қутбни диққат билан кузатишмоқда.

Олимлар қутб қуюни деб аталмиш ҳодиса беқарорлиги ортаётгани ҳақида ташвиш билан гапирмоқда. Ҳозирда асосий эътибор қуюн бир неча кичик қуюнларга бўлиниб, ўзининг таъсир зонасидан ташқарига ёйилаётган Скандинавияга қаратилмоқда. Бошқа ҳудудларда ҳам худди шундай хатарли жараён рўй бермоқда. Ушбу ақл бовар қилмас ҳодиса Шимолий Америка, Шимолий ва Fарбий Европа, Осиё қисмларига ҳам тегиб ўтиши мумкин.

2014 йилда қутб қуюни АҚШда рекорд даражада паст ҳароратни келтириб чиқарди, ўзининг музли нафаси билан Британия ва Европанинг бир қисмини тўнглатиб қўйди. АҚШда қутб ҳавоси Флорида курортларигача етиб борди. Яна денг Арктикада ҳарорат қанча баланд бўлса, АҚШ ва Европа бўйлаб зарба шунча шафқатсиз тус олди.

Қутб қуюни атмосфера ва стратосферанинг юқори қатламларида ҳосил бўлади, аммо кичик қуюнлар тропосферада пастга ёпирилиб, атмосферанинг ерга туташ қатламларида таҳлика вужудга келтиради. Эҳтимол, қутб қуюнининг ана шу беқарорлиги иқлимга қудратли таъсир кўрсатувчи омилдир. Бунинг олдида қўл билан атмосферага парник гази чиқарилиб, ифлослантирилмоқда дегани ҳеч гап эмас. Дунёнинг турли бурчакларида фавқулодда паст частотали диапазонда улкан нурлантирувчилар ҳаракатланади. Бундай тўлқинлар Ер юзасидан акс қайтишга қобил ва унинг сиртидан 50 километрда электр тебраниш келтириб чиқаради. Бу эса кучли жала ва довулли об-ҳаво ҳосил қилиши мумкин, деб тахмин этилмоқда. 1977 йилда АҚШда ўтказилган тажриба Висконсин штатида кучли жала келтириб чиқарди, шамол кучи соатига 157 мил.га етди, 350 акр майдондаги ўрмон вайрон бўлди. Узатгич 1,2 миллион ватт энергетик чиқинди чиқарди, табиатдаги момоқалдироқли тўфон кучига яқин жараён ҳосил қилинди. Оқибат ғоят даҳшатли эди. Теварак-атроф ва об-ҳаво узоқ вақт табиий ҳолатига қайтмади, қурғоқчилик, сув тошқинлари кучайди.

Хитой фавқулодда паст частотали радиотўлқин ҳосил қилиш бўйича АҚШдан ҳам ўзиб кетди ва дунёда етакчига айланди. У 3700 квадрат километр ҳудудда улкан антенналар тармоғига эга махфий объект қурилишини ниҳоясига етказди. Қурилишга 13 йил вақт кетди, унинг ёрдамида Хитой бир неча юз метр чуқурликдаги ўзининг махфий сувости флоти билан алоқани таъминлади. Айтишларича, Хитой яна зилзилани олдиндан айта олармиш ва фойдали қазилма бойликларни қидириб топиши мумкин экан. Антенналарга иккита юқори вольтли сим тортилган 100х60 километр ҳажмдаги майдон пўлат панжара билан қопланган. Тизим ақл бовар қилмас электромагнит нурланиш ҳосил қила олади, у ерости ва ҳавода мингларча мил масофани босиб ўтди. Айрим маълумотларга кўра, хабар узатиш узоқлиги 3500 километрга етади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти фавқулодда паст частотали тўлқин инсон асаб тизимига таъсир этиб, рак чақириши, мияни ишдан чиқариши, кўз тўри ҳужайраларини шикастлаши мумкинлиги ҳақида Пекинни олдиндан огоҳлантирганди.

Хитой ҳукумати эса антенналар аниқ жойини сир тутмоқда. Тахмин қилинишича, улар Марказий Хитойда Хуажонг районида жойлашган бўлиши керак. Хитойликлар агар уруш бўлиб қолса, объект жуда асқотишини айтишмоқда. «South China Morning Post» газетасининг таъкидлашича, тажриба радиоантенналари эгаллаган майдон Нью Йорк шаҳридан беш марта катта. Ушбу лойиҳа шу даражада махфийки, ҳатто унда ишлаётган олимлар ҳам антенналар жойлашган жой қаерлигини билмайди. Айтишларича, ҳукумат ушбу антенналар болалар лейкемияси, жазава, мия раки, галлюцинация чақиришини ёнма-ён яшаётган аҳоли билмаслиги учун ўта махфий иш тутмоқда.

1968 йилда АҚШ Ҳарбий Денгиз Кучлари Висконсин штатининг бешдан икки қисмини эгаллайдиган сувости кемалари билан ишончли алоқани таъминловчи антенналар яратишни таклиф қилганди. Аммо аҳолининг оммавий норозилиги Американи бу ғоядан воз кечишга мажбур қилди. 1980 йилда СССР Коло ярим оролида «Зевс» лойиҳаси бўйича қудратли радиоузаткич яратди. Ҳозирда унинг қувватига тенг келадиган объект дунёда йўқлигини ҳеч ким билмайди.

АҚШда ўн йил давомида ультрапаст частотали нурлантириш орқали атмосферанинг юқори қатламига таъсир ўтказиб, иқлимни ўзгартириш бўйича тажрибалар олиб бориляпти. Фан ривожланиши билан қудратли антенналар тобора кўпроқ пайдо бўляпти. Атроф-муҳитга улар қай даражада таъсир ўтказади ҳеч ким айтолмайди. Аммо иқлим бузилишига салбий таъсир этиши аниқ. АҚШнинг шундай микротўлқинли станцияси НААRP ўта махфий равишда Аляскада қурилган. АҚШда уруш ҳолатида ишончли алоқани таъминлаш учун бутун ҳудудида ядро ерусти узатгич миноралари тармоғи қурилган.

Сайёрамиз иқлимига таъсир этиб, об-ҳаво бузилишига олиб келувчи бундай тажрибалар жаҳон жамоатчилиги норозилигига сабаб бўлаётганига қарамай, АҚШ оғир оқибатли тажрибаларни тўхтатгани йўқ. Австралиялик тадқиқотчи Льюнс Хейсворт улкан нурлантиргич Ер ионосферасини пульсли нурлантиришга маҳкум этиши, электромагнит майдонини парчалаб, Ер электромагнит майдони билан биологик ўзаро жараёнларни издан чиқаришини таъкидлайди. Бу эса бутун сайёра иқлим ва экотизимига жиддий хавф туғдиради.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ таржимаси.