Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фарғонадаги газ қуйиш шохобчасида ёнғин юз берди, бир киши куйиш жароҳатини олди

Кеча, 18 июль куни соат 16:59 да Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Ғайрат МФЙ ҳудудида жойлашган “Gas Refueling” МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмалари 7 дақиқада етиб борган. Бўлинмаларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин тезда бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида шохобчанинг 3-калонкаси, “Умид-1” хусусий корхонасига тегишли “Cobalt” русумли автомобили тўлиқ ёнган ҳамда шохобчанинг 8 кв.метр майдонда шифт қисми ёниб зарарланган.

Бундан ташқари, ёнғинни ўчиришга уринган шохобча ишчиси куйиш тан жароҳати олган.

Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дея хабар қилди ФВВ ЁХББ.