Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фахрий ва ёш самбочилар ҳоким соврини учун беллашди

Паст Дарғом туманида фахрийлар ҳамда 2005-2007 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида самбо бўйича туман ҳокими соврини учун мусобақа ташкил этилди.

Мусобақа аввалида Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошпўлатов, Паст Дарғом тумани ҳокими Ш.Худойбердиев юртимизда спорт соҳасида ёшлар учун яратилган шароитлар, кенг имкониятлар, шунингдек, спорт нафақат жисмоний чиниқиш, балки мардлик, бағрикенглик ҳамда маънавиятни ҳам юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Мусобақада Паст Дарғом туман ёшларидан ташқари, Самарқанд олимпия захиралари мактаб-интернати ўқувчилари, Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани, Каттақўрғон туманидан келган ўсмирлардан иборат меҳмон жамоалар ҳам ўз кучларини синаб кўришди.

Дастлаб фахрийлар ўртасида беллашувлар бошланди. Унда  Хайриддин Бобоназаров 1-ўринни, Ботир Тайинов 2-ўринни, Ўрол Элманов 3-ўринни эгаллади.   

Ўсмирлар ўртасида кечган беллашувда 29 килограмм вазнда пастдарғомлик Фаёз Эргашев, 32 килограмм вазн тоифасида Тўрахон Жўраев, 35 килограмм вазнда бухоролик Руслан Турғунов, 38 килограмм вазнда  Шоҳжаҳон Нарзуллаев, 42 килограмм вазн тоифасида Шоҳжаҳон Улуғмуродов, 42 (+) килограмм вазнда  каттақўрғонлик Ислом Муродов ғолиб бўлди.

Ғолибларга ташкилотчилар томонидан 1, 2, 3-даражали диплом ва қимматбаҳо совғалар ҳамда мусобақа ғолибларига 300 минг сўм, 2-ўрин соҳибларига 200 минг сўм, 3-ўринни эгаллаган самбочиларга 100 минг сўмдан пул мукофотлари топширилди.