Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фермер хўжалигидаги қотиллик

У идишда тип-тиниқ, ҳеч қандай гардсиз кўринади. Истеъмол қилингач ўз кучини кўрсатади. Қанчалик кўп ичилса кучи ҳам шунча ортаверади. Камгапларни “сайратса”, хўмрайганларни жилмайишга мажбур қилади. Ожизларга куч беради, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.

Гап нима ҳақида эканини аллақачон англаган бўлсангиз керак. Ҳа, қуйидаги ваҳшийликка ҳам спиртли ичимлик сабаб бўлди.

Нормат (исмлар ўзгартирилган) нинг ёши анчага бориб қолган. У тўғри йўлдан оғишмай, намунали умр кечирганда ҳозир бир ҳовли набиралар қуршовида пиру бадавлат бўлиб ўтирган бўлар эди. Аммо ҳозир бундай эмас. Оиласи, бир нафар фарзанди аллақачонлар ундан юз ўгирган. У биринчи марта судланганда 9 йил, кейинги сафар 5 йил озодликдан маҳрум қилинганди. Жазони ўтаб бўлгач, турли жойларда ишлаб юрди. Айни пайтда қишлоқдоши Муроднинг фермер хўжалигида оғзаки келишув асосида қоровул бўлиб ишлади. Бундан олдин чўпонлик қилди. Бир кишининг қўйларини боқиб юрарди. Тоғу тошларда юришдан безор бўлдими, бераётган ойлигини кам деб, чўпонликни ташлади. Муроддан иш сўраганди.

Норматда бола-чақа қайғуси йўқ. Топганига ароқ олиб ичади. Ягона дарди томоқ, қорин тўйдириш.

Бир куни Нормат спиртли ичимлик ичган, маст ҳолатда эди. Фермер хўжалиги ерларини бир айланиб келиб жойига ётди.

Қўшни фермер хўжалигида Мамадиёр исмли киши қоровул эди. У аслида бошқа вилоятдан бўлиб, оиласи, фарзандларини ташлаб келиб, шу ерларда ишлаб юрарди. Бундан аввал бозорда юк таширди. Кейин бу ерга ишга келди. Унинг ҳам дарду дунёси ароқ. Кунда, кунора маст.      

Ўша куни Мамадиёр ҳам сархуш эди. Ярим тун бўлишига қарамай у Норматни излаб келди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган, валдираб қолган Мамадиёр ахлоқсиз ҳаракатлар қила бошлади. Норматнинг жаҳли чиқди.

Нормат билан Мамадиёр ёқалашди, муштлашди, бир-бирини аямади. Мушт зарбидан йиқилиб тушган Нормат шу ерда ёғоч уюмидан биттасини олди. Бор кучи билан Мамадиёрни дуч келган жойига ураверди. У кўчага қараб қочди. Нормат ҳам ортидан қолмади. Оёғига тепиб йиқитди. Ёғоч билан уришда давом этди. Ҳолсизланиб қолган Мамадиёрни уй олдига судраб келиб яна урди. Бу ҳам камдек ошхона токчасидан пичоқ олиб Мамадиёрнинг бир неча жойларига санчиб олди. Оёқ-қўлини боғлаб, ўзи ухлашга кириб кетди.

Тонгда туриб Мамадиёрдан хабар олди. Унинг танаси музлаб бўлганди. У дарҳол қилмишини яширишга киришди. Жасадни гиламга ўраб, ҳожатхонанинг орқасига қўйди. Устидан шох-шаббалар қўйиб яширди.

Аммо унинг бу қилмиши шу куннинг ўзида ошкор бўлди.

Суд ҳукми билан Нормат 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.