Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фейсбукдаги фолбин, бизга нималарни ўргатмоқда?

Эшитганимиз

«Фалон жойда бир фолчи чиқибди. Ҳаммасини тўғри айтар экан. Пиринчихоннинг қизи ажрашганигача айтиб берибди. Эшитиб ёқамни ушладим”.

Кўрганимиз

Бозор дарвозаси олдида ўтирган, офтоб тиғидан юзлари қорайиб кетган аёл қарта чийлайди. Олдига иккита йигит келади.

- Бахтимдан очворинг, хола.

Аёл қарталарни уч бўлакка бўлиб, яна чийлайдида бир-бирига қўшиб, сўнг иккига ажратади ва бир қисмини битта-битта очиб ташлай бошлайди:

- Кўнгилингда бир қиз бор экан. Аммо у қизнинг кўнглида бир сири бор. Айтаверайинми?

- Айтаверинг, хола.

- Беш минг бўлади.

Йигит чўнтагини ковлай бошлайди. Иккинчиси уни туртади.

- Хола, айтиб юборинг ўша сирини ҳам. Оптим оласиз пулни.

Аёл яна бир қартани очиб ташлайди.

- Йўлингда катта тўсиқ бор. Бу бахтингга рахна солаяпти...

Йигитни шериги қўлидан тортади:

- Кетдик. Ҳозир сени шилиб олади...

Билганимиз

Муборак ҳадисларимизнинг бирида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: "Кимки фолбин ҳузурига бориб, ундан бирор нарса сўраса, қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди, қирқ кунгача унинг учун тавба эшиклари ёпилади. Агар фолбиннинг сўзига ишонса, кофир бўлади".

Ўйиндаги ўт

Тезкор ахборот алмашиш замонида яшаяпмиз. Телефонимизга кунда, кунора ёки ҳафтада бир бор бўлса ҳам хабар келади: “Мунажжимлар башорати. Фалон рақамни писмадон рақамга СМС қилиб юбор”. Бунданку безор бўлганингиз сабаб ўчириб ташлай қоласиз. Интернет тармоғига кирсангиз-чи?.. (Аслида ҳам айтмоқчи бўлганимиз айнан шу интернетдаги “фолчилар” ҳақида) Кимнингдир шу ўйинга қизиқиб, дўстларга ҳавола қилган суратига кўзингиз тушади ва қизиқиб сиз ҳам ўша сайтга кириб кўрасиз. “2018 йилда сизни нима кутмоқда” (Мазмунан шундай), “Сенинг 2018 йилги асровчи фариштанг ким?”, “Ўтмишдаги ҳаётингизда ким бўлгансиз?”, “Қайси машҳур инсон сенга идеал жуфт бўлади”... ва ҳоказо фоллар. Ўша ҳали сўнмаган қизиқиш устун келиб сиз ҳам бирортасидан воқиб бўласиз. “хо-хо”лаб ёки мийиғингизда кулиб қўясиз. Аммо ўша лаҳзаларда Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларини эсламайсиз...

Мақсад...

“Фейсбук тармоғи орқади дўсларингизга улашинг!” Бу ўша сайтларнинг сизга мурожаатномаси. Мақсади нима уларнинг? Сайтини реклама қилиб, даромад олишми? Асло! Бу бирламчи ва хаспўшловчи масала. Асосийси ва энг даҳшатлиси эса яширин...

Кичкина таҳлил

“2018 йилда сизни нима кутмоқда” Бу башоратми? Башорат! “Айтинг: Аллоҳдан бошқа осмонлар ва ердаги бирор кимса ғайбни билмас" (Намл, 65). Изоҳ бермаймиз бошқа.

“Сенинг 2018 йилги асровчи фариштанг ким?” Аллоҳ истаса сувга ташлаб чўктирмайди, ўтга ташлаб, куйдирмайди. Бу яратган Зотдан чалғитиш эмасми?

“Ўтмишдаги ҳаётингизда ким бўлгансиз?” Динимизга ёт ва ёв бўлган ақида.

“Қайси машҳур инсон сенга идеал жуфтлик бўлади?” Айнан бу фолда эркак билан эркакни ёки аёл билан аёл кишини жуфт қилиб қўйиш одамлар кулгусини қистатади. “Адашди” деб ўйлайди “ўйинда” иштирок этган киши. Аслидачи? Асло адашгани йўқ. Сизу бизнинг онгимизга ана ўша ғояни сингдирмоқчи!!! Ўз жинсидан бўлган одам билан ёнма-ён туриш, яшаш ҳақидаги тасаввурлар уруғини сочади...

Хулоса

...ўзингиздан.

Аслиддин М.