Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Гашиш»ли шоколаднинг таъми қандай?

Божхона хизмати вакиллари олдида гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний айланмасига қарши курашишидек жуда нозик вазифа юклатилган. Улар юртимиз сарҳадларига турли йўллар билан олиб кирилаётган ҳар қандай наркотик моддаларини аниқлаб, фош этишга алоҳида аҳамият қаратишади. 

«Тошкент – АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексининг контрабанда ва божхона ҳуқуқбузарликларига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан худди шундай заҳарни юртимиз ҳудудига яширин олиб ўтишнинг олди олинди.

Пойтахт халқаро аэропортига «Деҳли-Тошкент» йўналиши бўйлаб учиб келган фуқаро С.Н нинг юклари орасида плиткали шоколадлар ҳам борлиги аниқланди. Бир қарашда оддийгина шоколад, уни йўловчиларнинг олиб юришлари тақиқланмаган бўлса-да, аммо, бу сафар у аэропорт божхоначиларида шубҳа ўйғотди. Синчиклаб текширувдан ўтказилганда, плиткали шоколад ғоваклари орасида моҳирлик билан яширилган 2,52 грамм гашиш наркотик моддаси борлиги маълум бўлди.  

«Гашиш» тузилиши ва рангига кўра, шоколаддан умуман фарқ қилмайди. Шунинг учун ҳам махсус асбоблар ёрдамисиз уларни ажратиш қийин. Жиноятчи ҳам айнан шуларни назарда тутган бўлса, не ажаб. Аммо, аэропорт эшигига етганида унинг режалари чиппакка чиқди. Энди «сайёҳ» юкидаги шоколадлар ғовагига «гашиш» қандай тушиб қолганини қонун олдида айтиб бериши лозим.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, аниқланган қора-жигарранг «гашиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.