Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Газ ҳисоблаш ускунаси бепул ўрнатилади, сифатига “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали жавобгар

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида ҳисобот берган “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори О.Исакулов айтиб ўтди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг май ойидан аҳоли хонадонларига электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Ўтган йили 79 минг 450 та газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган, бироқ пандемия сабаб газ ҳисоблагичнинг эҳтиёт қисмларини Италиядан олиб келишда муаммолар бўлган. Шу сабабли вилоятга 16 минг 689 та газ ҳисоблагич ажратилган.

Жорий йилда бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳисобига 1 июлга қадар барча аҳоли хонадонларига тўлиқ замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади.

Газ ҳисоблагич ҳамда унинг ҳимоя қутиси, регулятор (босим ростлагич)ни ўрнатиш “Hududgazta’minot” АЖ томонидан бепул амалга оширилмоқда. 20 дан ортиқ қурилиш-монтаж фирмалари, 170 дан зиёд бригадалар жалб қилинган мазкур юмушни белгиланган вақтда якунлаш мақсадида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали қошида бутловчи қисмлар тайёрлаб бериш цехи ташкил қилинган. 

“Ақлли” газ ҳисоблагичларининг ўрнатилиш сифати филиал томонидан доимий назоратга олинган. Нотўғри ўрнатиш ҳолатлари аниқланганда шартномага мувофиқ, ўрнатган фирма ўз ҳисобидан камчиликларни тўғрилаб беради.

Таъкидланишича, шу пайтгача Самарқанд шаҳридаги Қўрғонча маҳалласида “Суннатилло-Азизбек” МЧЖ томонидан, Янгиравот маҳалласида “Обод бунёдкор сервис” МЧЖ томонидан, Хўжақишлоқ, Азизон маҳаллаларида “Самарқанд газ техник назорати” МЧЖ, Оқсарой маҳалласида “Сартепа GOLD” МЧЖ, Каттақўрғон шаҳридаги Кўҳнадам ва Дамариқ маҳаллаларида “Абдураҳмон Қилич” хусусий корхонаси ишчилари томонидан нотўғри ўрнатилган ҳисоблагичларнинг камчиликлари хусусий корхоналар ҳисобидан тўғриланган.

Турли кўнгилсизлик ва тамагирликларнинг олдини олиш мақсадида 66-239-78-12 телефон рақамига, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилган. Келиб тушган мурожаатлар асосида истеъмолчилардан 50-100 минг сўм пул талаб қилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳолат тегишли тартибда бартараф қилинган.