Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Гитлерга ташхис қўйган шифокор, кейинчалик Сталиннинг ҳам руҳшуноси бўлган

1932 йилда эндигина ҳокимият тепасига келаётган Адольф Гитлер дунё мамлакатларини буйсундириб, барча халқларни нацистлар учун қул қилиб ишлатишдек манфур ғояларини ишлаб чиқиш учун кечаю-кундуз тинимсиз меҳнат қиларди. Бу эса унинг саломатлигига қаттиқ салбий таъсир ўтказди. Айниқса, руҳий жиҳатдан даволанишга муҳтожлик сезди. Шунда унга аниқ ташхис қўйиши учун руҳшунос маслаҳати керак бўлди. Нацистлар партияси вакиллари ўз раҳнамоларини даволатиш учун Европадаги энг кучли руҳшунос мутахассисларни жалб қилди. Ниҳоят унга чақирилган мутахассис бир неча кун Фюрер ёнида юриб унинг ҳар бир ҳаракатини назорат қилди. Саломатлигидаги ўзгаришларни, руҳий ҳолатини обдон текшириб, кимсан буюк фюрерга руҳий ожизлик касаллиги ташхисини қўйди. Аммо, шифокорнинг бу қалтис тиббий хулосаси нафақат ўзи учун, балки бутун яҳудий халқига қўйилган душманлик ташхиси эканлигини билмаган эди. Тажрибали шифокор Германия ҳукумати томонидан тазйиққа учради. Аммо, тақдир уни собиқ Советлар мамлакатига олиб келди. Нафақат Фюрерни, балки унинг аёнларини ҳам ўйлантириб қўйган ўша машъум ташхисни қўйган инсон яҳудий миллатига мансуб бўлган руҳшунос Артур Кронфельд эди.

AdMe.ru нашри яҳудий халқи учун энг катта душман орттиришига сабаб бўлган шифокор ҳақида маълумотларни эълон қилди.

Артур Кронфельд – 1886 йилда Берлинда бой яҳудий адвокати оиласида туғилди. Улғайгач, руҳшунослик касбини эгаллашни истарди. Бунинг учун жуда кўп асарларни ўқиб, ўрганди. Тажриба ва малака оширди. 26 ёшида эса докторлик дессертациясини ёқлади ва таниқли олим Фрейднинг руҳий таҳлилларини танқид қилиб ёзган илмий ишлари жамланган «Руҳий механика» номли китоби билан жаҳон руҳшунослари тилига тушди.

Ўша даврларда психотерапия соҳасининг етук билимдони ҳисобланган доктор Фрейд билан бўлган илмий тортишувлар уни Европада ҳам машҳур қилди. Ёш мутахассис тажрибали олимнинг илмий қарашларини фанга умуман алоқаси йўқ дея кескин танқид қилди. Хусусан, у Фрейднинг баёнотларининг аниқлигига шубҳа қилиб, унинг назариялари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб исботлади ва ҳаммани лол қилиб қўйди.

1914 йилда Артур армия сафига чақирилди. Уч йил жангоҳларда ҳаракатдаги қисмларда ҳизмат қилгач, жанглардан бирида бошидан жароҳат олди. Кўрсатган жасорати учун II даражали Мекленбург-Шверин крести билан тақдирланган.

Бир йилдан сўнг немис қизига уйланди. Аммо, оилавий ҳаётида бир неча бор телба руҳшуносга турмушга чиққанига афсусланган бўлса, ажаб эмас. Унинг ота-онаси, қариндош-уруғлари бу «телба яҳудий» билан ажрашишини талаб қилишса ҳам эрини ташлаб кетмади. У умрининг охиригача унга содиқ қолди.

Артур шизофрения касаллигини даволашда инсулинни қўллаган биринчи шифокор сифатида психиатрия фани тарихида қолган. У беморга катта миқдорда инсулин жўнатиб, комага туширади ва у ўйғонганида касаллик белгиларидан асар ҳам ҳам қолмаслигини исботлаб берди. Аммо, бу маълум бир вақтгача давом этади. Кўп ўтмай шизофрения касаллиги яна қайталай бошлагач, беморларга инсулин қўллаш тақиқланди ва кейинчалик бутунлай тўхтади.

1919 йилда А.Кронфельднинг яқин дўсти Берлинда ташкил этган инсон табиати ва жинсий маданиятини ўрганиш илмий-тадқиқот институтида раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллади. 1921 йилда институтда «Аҳолини жинсий ҳаётини ислоҳ қилиш масалалари» бўйича биринчи конференция ташкил этилди. Аммо, ҳукуматда институтнинг тақиқланган масалаларда фаолият олиб бориши тақиқланди. Кейинчалик институт кутубхонаси нацистлар томонидан йўқ қилинди ва Кронфельд ва унинг ҳаммаслаклари бузуқилар деб қораланди.

1932 йилдан бошлаб Кронфельд хусусий психиатр-мутахассис сифатида ишлай бошлади. Унинг мижозларидан бири Адольф Гитлер эди. Шу даврда кўпчилик Рейхнинг бўлажак раҳбарини телбаликда айбларди. Шунинг учун ҳам унга аниқ ташхис қўйиб, уларнинг фикрлари нотўғри эканлигини исботлаши зарур эди. Шу даврда Кронфельд нафақат Германияда, балки бутун Европада машҳур бўлганлиги сабабли уни танлашди.

Бир неча кун давомида олий насабли мижозини текширувдан ўтказгач, шифокор унга эксплозив психопатия, яъни, тўсатдан портловчи психопатия ташхисини қўйди. Бу эса Гитлер ва унинг ҳамтовоқларини умидсизликка келтириб қўйди. Кронфелднинг хулосаларида Гитлерга берган маълумотномасида «Кичик оғиз, қисиқ лойқа рангли кўз, қисқа бош суяги,  жуда катта ияк, маълум бир дегенератив примитивликка, яъни кутилмаганда қарор чиқаришга мойилликка  урғу беради... Шунингдек, у муттасил чалғитувчи, доимо ғалати ҳаракатда бўлади. Эпилиптик тутқаноқ тутиши бўлиб туради» деб қайд қилган.

Тез орада Гитлер ҳукумат тепасига келди ва ... яҳудийларга қарши қонунлар қабул қилди. Шундай қилиб Кронфельд фюрернинг ашаддий душманига айланди ва унга мамлакатда шифокорлик билан шуғулланиш тақиқланди. Аммо, юртидан кетишдан бир йил илгари ўз номини «Барча даврларнинг энг машҳур шифокорлари» китобига ёздиришга улгурган эди.

Швейцария унга сиёсий бошпана беришдан бош тортди. Сўнгра СССРга мурожаат қилди. Бу ерда уни қучоқ очиб кутиб олиб, барча шарт-шароитларини яратиб берди. Оиласига уч хонали квартира ҳам ажратишди.

А. Кронфельд мудофаа қўмитасининг махфий топшириқларини бажарарди. Жумладан, авиация билим юртларига қабул қилинадиган абитуриентлар учун махсус психологик услубий тестлар ишлаб чиқди. Қизиқарлиси, унинг ишланмалари ҳарбий билим юртларида ҳанузгача қўлланилиб келинади.

Газеталар таниқли руҳшуносни СССРга кўчиб келганлиги ҳақида жуда кўп ёзишди. Аммо, биргина камчилиги унинг мижозлари фақат партиянинг юқори мансабдаги раҳбарлари, шу жумладан, Сталин ҳам бўлган. Шунингдек, НКВДнинг махсус экспертизаларида иштирок этарди.  Унинг махфий мижозлари орасида Л.Троцкийнинг қизи Зинаида Волкова ҳам бўлган.



Бу қиз сил касаллиги ва руҳий тушкунликдан азоб чекарди. 1985 йилда Буюк Британияда ишланган «Зина» номли бадиий фильм тўлиқ шу қизнинг даволаниши ҳақида эди. Унда Кронфельд гипноз услубини қўллаган. Шифокор рус тилини жуда тез ўрганди. Бир йилдан сўнг Москва психиатрия институти бўлимлардан бирини бошқариб, талабаларга лекциялар ўқий бошлади. Унинг ўзига ва хотинига совет фуқаролигини беришди.

 1941 йилда у А.Гитлер ва унинг ҳамтовоқларига қўйилган ташхислар ҳақида махсус китоб ёзиб чоп эттирди. Китоб дастлаб 50 нусхада чоп этилган бўлса, урушнинг муқаррарлиги аниқ бўлгач, аҳолининг немис диктатори ҳақида аниқ тассавурга эга бўлиши учун миллионлаб нусхада босилиб чиқди.

Аммо, 1941 йилда фашист қўшинлари Москва остонасига келганида шаҳар аҳолиси ваҳимага тушиб қолди. Ҳаммани мамлакат ичкарисига ёппасига кўчириш ишлари бошланганини  кўрган Кронфельд ва унинг хотини душман қўлига асир тушмаслик учун заҳар ичиб ҳалок бўлишди. Лекин, халқ орасида уларнинг ҳаддан ташқари давлат сирларини билганликлари учун ҳам НКВД томонидан ўлдирилиб юборилган, деган гап-сўзлар ҳам тарқалганди. Суронли уруш ҳаракатлари кетаётган бир вақтида уларнинг ўлгани ҳеч жойда ошкор этилмади. Ҳатто газеталарда таъзиянома ҳам берилмади. 

Бугунги кунда А.Кронфельд психиатрия соҳаси билимдони деб тан олинса-да, аммо ўз юртида бирор марта бўлса ҳам ёдга олинмади. Унинг китоблари ҳам қайта чоп этилмади, уларни фақат айрим эски кутубхоналардангина топиш мумкин.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.