Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Грипп инсультга олиб келиши мумкин экан

Грипп билан оғришдан кейин инсультга чалиниш хавфи 1,5 мартага ошади ва йил давомида сақланиб туради, деб ёзади "Мир новостей" (2019 й. 11-сон) ҳафтаномаси.

Колумбия университети олимлари мижозларнинг 31 мингта тиббий картасини таҳлилдан ўтказдилар. Аниқланишича, мижозлар орасида инсультгача кейинги 15 кунда грипп билан оғриганлар 40 фоиз кўп экан. Яна маълум бўлишича, грипп билан оғриганларда инсультга чалиниш хавфи йил давомида сақланиб турар экан. Врачларнинг фикрича, бунинг сабаби, грипп қон томирларни увиштириб, қон оқимини бузар экан ва бўйинда қон айланишига тўсқинлик қилиб, тромблар - тиқинлар ҳосил бўлишига олиб келаркан.

Нью-Йорк штати соғ­лиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шу дардга чалинганларнинг 70 фоизга яқини кейинги 30 кун давомида грипп билан оғриганлар экан. Шуни таъкидлаш лозимки, инсультга сабаб бўлувчи бўйин қон томирлари хасталигига чалинганларнинг 25 фоизи 45 ёшдан кичик мижозлар бўлиб чиқди.

- Гриппдан кейин бош ва бўйин оғриғи пайдо бўлса, шифокорга мурожаат қилинг, - дейди олимлар. - Гриппни бошдан ўтказганлар соғайиб кетдим, деб ғафлатда қолмаслиги керак. Унинг асорати нафақат юрак-қон томирлари хасталиги, балки бошқа асоратли касалликларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун гриппдан кейин узоқ вақт жисмоний чиниқиш, тозалик, овқатланиш режимига амал қилиш, организмни оғир юмушлар билан зўриқтирмаслик керак.