Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳалоллик вакцинаси” инсон сийратини поклайди

Ислом динида инсонлар учун ҳалол ва ҳаром масаласига алоҳида урғу берилган. Ҳалол ва ҳаром амаллари инсонларнинг бирор нарсани истеъмол қилишида, мол (пул) топишида, бирор бир ишни бажаришида, инсонлар билан муомаласи, муносабатларида ҳам амал қилади. Демак, инсоннинг бутун фаолиятида ҳалол ва ҳаром ёнма-ён. Қайси бирини танлаш инсон вужудидаги имон-эътиқод, ушбу тушунчалар билан ифода этиладиган маънавиятига боғлиқ.

Ислом дини инсонларга ризқни фақат ҳалол касб орқали қўлга киритишга буюради. Ҳалолликка  Қуръони каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ва шариат аҳкомларида катта аҳамият берилган.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳалол касб талаб қилиш фарздан кейинги фарздир”. “Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир”. Ҳалолликни устун қўядиган инсоннинг қалбида имон мужассам бўлади. Имонли одам маънавиятли, маънавиятли одамнинг ҳамма амаллари эса ҳалол бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарини ташвишга солиб келаётган, жамият тараққиётига тўсиқ бўлаётган, адолатга путур етказаётган иллат – коррупция бор жойда ҳалоллик бўлмайди. Қалбида имон ва ҳалоллик туйғуси бўлмаган киши коррупция йўли билан манфаат кўришга интилади.

Айтайлик, катта ҳажмдаги тоза сувга озгина қора суюқликни солсангиз, идишдаги сувнинг ранги қорайиб, хиралашиб қолади. Ёки идишда қора рангли суюқлик бўлса-ю, унга қанча тиниқ сувни қуйганингиз билан тиниқлашмайди. Катта жамоада битта бузғунчи бўлса, бутун жамоанинг руҳиятига таъсир қилади. Жамиятни соғломлаштириш учун унда бирорта хира нарса қолмаслиги керак.

Халқаро таҳлилларга кўра, коррупция жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтирар экан. Бундан мамлакатимиз иқтисодиёти ҳам зарар кўраётганлиги сир эмас. Коррупциянинг хавфли жиҳати иқтисодий зарар келтириш билан бирга, адолатнинг қарор топишига салбий таъсир қилади, одамларнинг ҳаётдан розилигига путур етказади.

Коррупциясиз жамиятни шакллантириш учун ҳаромдан ҳазар қиладиган халқ шаклланиши керак. Биз бадбўй ҳидни сезсак, бурунни ёпамиз, ахлатни кўрсак, кўзни юмамиз ёки юзни бурамиз. Ҳаромдан, коррупциядан ҳам худди шундай ҳазар қиладиган бўлишимиз шарт.

Ҳар бир имонли инсон ҳалол ва ҳаром ўртасига чегара қўя олиши лозим

Инсон имонли бўлиши учун ҳалол ва ҳаром ўртасидаги чегарани билиб, ҳалоллик чегарасидан чиқмасдан яшашга ҳаракат қилиши икки дунё саодатига эришиш кафолатидир. Суфён ибн Уяйна айтади: “Банда токи ўзи билан ҳаром ўртасида ҳалолдан бўлган бир тўсиқ қўймагунча ҳамда гуноҳ ва шубҳали нарсаларни ҳам тарк қилмагунича имон ҳақиқатига эриша олмайди”.

Жамиятдаги бу касалликни даволашнинг иккита йўли бор: имон-эътиқод ва қонун. Ҳозирда қонун йўли билан даволаш жараёни давом этмоқда. Аммо имон-эътиқод йўлидан фойдаланиш бироз суст кечмоқда. Кўп ҳолларда мақсадимиз рўзғорни боқиш учун пул топишдан иборат бўлганлиги туфайли нима ҳаром ва нима ҳалоллигига эътибор қилмасдан, касбим орқали пул топяпманку, деб ўйлаймиз.

Шуни ҳам айтиш керакки, юртдошларимизнинг кўпчилигида ҳали ҳуқуқий маданият шаклланган эмас. Чунки кўраяпмиз, давлатимиз раҳбари маълум бир соҳа ёки ҳудуд раҳбарларига ишонч билдириб, катта ҳуқуқ ва ваколатлар бермоқда. Афсуски, бу ишончни айримлар суиистеъмол қилиб, ҳалол ва ҳаромнинг чегарасини бузмоқда. Ўзининг шахсий манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиб, охир оқибат жиноятга қўл урмоқда. Албатта, бундай ҳаракат жавобсиз қолмаётганлиги ҳам ҳақиқат. Кузатишларимиздан маълум бўлдики, ҳуқуқий маданиятга эришиш ва унга қатъий амал қилиш учун инсоннинг имони бутун бўлиши лозим экан. Имони бутун бўлмаса, инсоннинг нафси ғолиблик қилади. Нафс эса эгасини ҳаромдан ҳазар қилмайдиган ҳолатга етаклаб келади.

Инсон ҳалол бўлса азиз ва мукаррамлигича қолади

Инсон имонли туғилиб беимон кетиши, виждонли туғилиб виждонсиз бўлиши, ақлли туғилиб аҳмоқ бўлиб қолиши, саводсиз туғилиб аллома бўлиб яшаши ҳам унинг ўзига, ҳалоллигига боғлиқ. Чунки у ўзига бефарқ бўлса, ўзининг кимлигини ва ким бўлишини билмаса, имонли туғилиб беимон кетиши, виждонли туғилиб виждонсиз бўлиши, ақлли туғилиб аҳмоқ бўлиб қолиши табиий.

Ҳалол инсон бировга хиёнат қилмайди, бировга ёмонликни раво кўрмайди, зарур бўлиб қолса албатта ёрдам беради, бировларнинг ноҳақдан кўнглини қолдирмайди. Бундайлар албатта, ҳурматга сазовор бўлади.

Инсон сийрати – имон қўрғони

Барча жонзотлар сингари, инсон вужудида ҳам иккита нафс бор экан. Бири – моддий нафс, иккинчиси – жинсий нафс.

Ақл билан жаҳл бир жойда – инсоннинг бошида жойлашган экан. Улардан бири кўпайса, иккинчиси камаяди. Бежиз “Жаҳл келса, ақл кетади”, деб айтишмайди-да.

Қудратли инсоннинг кучи ўзи билан ўзи курашиб, жаҳл келганда уни одамларга намоён қилмасдан, жиловлай оладиган, бартараф қила оладиган қудратга эга бўлишида. Агар инсон ҳаддан зиёд жаҳлли бўлса, ақлли туғилса-да, аҳмоқ бўлиб ўлади.

Имон билан ҳасад инсоннинг қалбида жойлашган. Қалбида ҳасад кўпайиб кетган одам ҳасадчи бўлади. Табиийки, ҳасад кўпайган қалбда имон камаяди. “Ҳасадчида имон бўлмайди”, деб бежизга айтилмайди.

Виждон инсон танасига жойлашган бўлиб, ақлни ҳам, унга итоат қилишни ҳам, инсонни поклик ва адолатга ундовчи имонни ҳам назорат қилиб турадиган унсурдир.

Ақл ва имоннинг дўсти виждон инсоннинг бошига ва қалбига суқилиб кирган маъбуда бўлиб, албатта жаҳл ва ҳасад кўпайса, ўзини қўярга жой топа олмасдан қолар экан. Оқибатда жаҳли кўп ва ҳасадгўй одамда виждонга ўрин қолмайди. Шу туфайли “Ақлсизда виждон, виждонсизда имон бўлмайди”, деб айтилган.

Илм инсонга нима керак бўлса, ўргатиб турадиган ва унинг яшашини яхшилаш учун тегишли шароит яратадиган, унинг мушкулотларини оснлаштирадиган унсурлардандир. Илм инсон ҳаёти учун. Аммо туғилган пайтида инсон танасида бўлмайди. Шу туфайли илм инсондан узоқ бўлмаган жойда жойлаштирилган. Илм кимга керак бўлса, ўзи эгаллаб олади ва танасига сингдиради. Шу туфайли уларни инсон танасига аста-секин жойлаштириш лозим. Агар инсон чинакам илмли бўлишни истаса, умр бўйи ўқиши лозим.

Инсон вужуди – имон қўрғони. Унда инсоннинг инсонлигини номоён қиладиган унсурлар кўп. Аммо инсон уларни ақл билан бошқара олиши, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасидаги чегарани бузмаслиги, ҳалол тарафдан қарама-қарши тарафга ўтиб кетмаслиги лозим.

Демак, “ҳалоллик вакцинаси” таркибига инсон қалбидаги имон, бошидаги ақл, қалбида жойлашган виждон ҳамда уларнинг биргаликда ҳамжиҳатликда ҳаракати туфайли, ёнига илмни олиб, ҳасад ва жаҳлни ҳайдай олиш қобилиятининг шаклланганлиги киради.

Фарзандларимизни имон-эътиқодли, оқибатли, ақлли, илмли, виждонли қилиб тарбияласаккина, ҳалолликка эришадиган “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаган бўламиз.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

профессор.