Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳамон 100 сўмлик қайтим йўқ

Бу ҳақида кўп бора ёзилиб, айтилса ҳам, афсуски, ҳолат ҳалигача давом этмоқда.

Автобусда йўлкира 1400 сўм, 2 минг сўм тўласак, доим 500 сўм қайтим беришади (баъзида шуни ҳам олиб қолишга уринишади). Агар йўловчи 100 сўм сўраса, ҳайдовчи билан кондуктордан нақд боши балога қолади. Бу муаммо доимо танқид қилинади. Лекин натижа йўқ. 100 сўм майли. Икки киши 3 минг сўм берса, икки юз сўм ҳам қайтаришмайди. Майда пул йўқ деб қўйишади. Танга пуллар муомалага чиқарилди. Лекин нега шунда ҳам қайтим йўқ?

Кунда автобусдан фойдаланаман. Демак, кунда 200 сўмдан қайтим олмасам, бир ойда 6 минг сўм бўлар экан. Ота-онамга ҳам берилмайдиган қайтимни қўшсак, бир оиладан бир ойда 18 минг сўм. Атиги 100 сўм пул деб гоҳида эътиборсизлик қилаётганимиз қайтим тўпланиб, бир ойда шунча бўлар экан. Автобусдан биз каби нечта оила, нечта йўловчи фойдаланади?  Буёғини ҳисоблаб кўраверинг.

Гоҳида шундай вазиятлар бўладики, Самарқанд шаҳрига меҳмон бўлиб келганлар, йўл ҳақини билмайди.

Яқинда автобусда келаётганимда ёнимда нуроний киши бор эди. Кондуктор автобус салонида йўлкира тера бошлади. Отахон йўлкирани сўради, эшитмасликка олди. Бораётган манзилини сўради. "Ҳали 4-5 бекат бор", дедим.  Отахон 2 минг сўм узатди,  кондуктор қайтим қайтармай кетди. Атрофдагилардан нархни сўраб билгачгина  отахон кондукторга юзланиб, "Болам, қайтим бермайсанми?" деди. У эса эътиборсиз ҳолда «Майда йўқ», деб қўйди.  Айтмоқчиманки, баъзида нафақат 100, балки 500 сўм қайтим ҳам қолиб кетмоқда.

Савол туғилади, қачонгача қайтимни сўраб оламиз?

Автобусларга одатий ҳолатга айланган яна бир муаммо ҳайдовчиларнинг кимўзарга ҳайдашидир. Кўпинча уларга танбеҳ берадиган бўлсак,  "план"ни рўкач қилишади. Хўш, нега бунинг учун йўловчилар ҳаёти хавф остига қўйилиши, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши керак?

Тегишли ташкилотлар бу муаммоларга мурожаатни тезроқ ёпишни эмас, ўрганиб, ҳал қилишни ўйлаб ёндошсалар мақсадга мувофиқ бўлармиди...

Муниса Шамсиева.