Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳамза Тўйчиев: Миллий ўйинчоқлар ва каштачиликда Жомбой брендини яратишимиз керак

Тумандаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Туман ҳокимлиги ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда корхона, ташкилот ва муассасаларда мавжуд вакант иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ярмарка давомида 50 дан ортиқ хўжалик субъекти 694 та бўш иш ўрни билан иштирок. Тадбирда 117 нафар биринчи марта иш излаётган ёшлар, битирувчилар, 78 нафар хотин-қизлар ҳамда 30 дан ортиқ хориждан қайтган фуқаролар қатнашди. Уларнинг 41 нафари ўзи танлаган йўналиш бўйича ишга жойлашиши учун йўлланма олди.

Меҳнат ярмаркасида туман ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирок этди. Ширинкент маҳалласида яшовчи ҳунарманд Л.Бўлтакова мутасаддиларга Жомбойда миллий қўғирчоқ ясаш ва каштачилик йўналишида қизлар мактаби яратиш таклифини билдирди.

– Ҳунармандчилик миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисми, – деди туман ҳокими Ҳ.Тўйчиев. – Шу нуқтаи назардан бу таклиф жуда ўринли, назаримда. Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, таълим муассасалари раҳбарлари, маҳалла маслаҳатчиларидан илтимосимиз ўсмир қизларни Лола Бўлтакова ҳунармандчилик мактабига жалб этишда амалий ёрдам кўрсатишса. Ўйлайманки, миллий ўйинчоқлар ва кашта маҳсулотлари тайёрлашда Жомбой брендини яратсак, катта ютуққа эришган бўламиз. Биринчидан, бу ёшларга мақсад, фойдали иш билан шуғулланиш учун имконият, уларни иш билан банд қилишнинг бир воситаси. Иккинчидан, туризм маркази бўлган Самарқанд минтақаси учун миллий ҳунармандчилик даромадли соҳа. Бундан ташқари, ёшларга миллий қадриятларимизни сингдиришда ҳам яхши самара бериши, шубҳасиз.

Ярмарка давомида “Ёшлар - келажагимиз” жамғармасининг фаолияти “Billur textil group” МЧЖ мисолида тақдимот қилинди.

Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.