Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар ким, ҳар бир ташкилот тўлов маданиятига амал қилишни аввало, ўзидан бошлаши керак

Жорий йилнинг 28 февраль куни Zarnews.uz сайтида блогер Каримберди Тўрамуродовнинг «МИБ, “электросет” лифтимизни улаб бермаяпти» сарлавҳаси остида танқидий мақоласи эълон қилинди.

Мақолада блогер ҳис-ҳаяжонга берилган ҳолда ўзи яшаётган уйнинг кириш йўлагидаги лифтни МИБ ходимлари асоссиз ўчириб қўйгани ҳақида ёзилган. Жумладан, уни 5 кун сарсон-саргардон қилганликларини баён этиб, МИБ ва электр таъминоти корхонаси ходимларининг ҳаракатларини танқид остига олади.

Мақолада баён қилинган МИБ ва электр таъминоти корхонаси ходимлари блогерни “сарсон қилган-қилмагани” ҳолати ўрганилди.

2017 йил 29 майда Президентимизнинг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ коммунал соҳадаги тўлов интизоми ва тартиби тубдан ислоҳот қилинди. Фармон талабларига кўра, юридик шахслар мақомидаги ташкилот ва корхоналар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар истеъмол қилган энергия ресурслари учун олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш белгиланган.

Мақола муаллифи Каримберди Тўрамуродов яшовчи хонадонга хизмат кўрсатувчи «Мушег коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тасарруфида 15 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, умумий фойдаланишдаги объектлар, шу жумладан, лифтларга сарфланадиган электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар учун ширкат юридик шахс сифатида олдиндан 100 фоизлик тўловни амалга ошириб бориши шарт. Ҳар бир лифтга марказлаштирилган, АСКУЭ тизимига уланган замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилган. Шу жумладан, муаллиф кўрсатган лифтга 2019 йил 13 ноябрь куни худди шундай ҳисоблагич ўрнатилиб, у абонент (истеъмолчи) сифатида 05К190 рақами остида «Электр ҳисоб» дастурига киритилган.

«Мушег коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳар ойнинг 1 санасигача тўловни амалга ошириши лозим эди. Аммо белгиланган муддатдан 25 кун ўтган бўлишига қарамасдан, лифт учун сарфланган электр энергияси учун тўловни амалга оширмасдан келган. Шу боис 2020 йил 25 февраль ҳолатига мазкур объектда 2 миллион 384 минг 884 сўмлик қарздорлик юзага келган ва белгиланган тартибга кўра, «Электр ҳисоб» дастури орқали ўчирилган.

Шундан сўнг ширкат 2020 йил 26 февраль куни 1 миллион сўм, 27 февраль куни яна 2 миллион сўм тўловни амалга ошириб, 28 февралда банкнинг тасдиқловчи ҳужжати, яъни тўлов паттасини Самарқанд шаҳар «Электрсотиш» корхонасига тақдим қилган. Шу куннинг ўзида мақолада келтирилган лифт электр тармоғига қайта уланган.

Бундан келиб чиқадики, мақола муаллифи МИБ ходимлари ёки электр таъминоти корхонаси ходимларининг айби билан эмас, балки «Мушег коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати мутасадди ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли 3 кун “сарсон” бўлган.

Мисол тариқасида айтиш жоиз, биргина 2020 йил 25 февралнинг ўзида лифт билан боғлиқ 538,8 миллион сўмлик қарздорлик мавжудлиги аниқланган. Ушбу қарздорлик юзасидан 324 та юридик ташкилотларнинг тегишли объектлари дастур орқали масофада туриб ўчирилган. Чунончи, бу Президентимиз фармонида МИБ ходимлари ҳамда электр таъминоти тизими ходимлари зиммасига юклатилган вазифа.

Мажбурий ижро бюроси ваколатлари доирасида қарздорлардан ундирилаётган пул маблағлари бюджетимизнинг салмоқли ҳиссасини ташкил этиб, бу пенсиялар, ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлигига, бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириладиган маблағлардир.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.