Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳарбий-ватанпарварлик спорт лагери”га кимлар жалб этилди?

25 февраль куни Ўзбекистондаги энг катта полигон – “Каттақўрғон” дала ўқув майдонида биринчи маротаба “Ҳарбий-ватанпарварлик спорт лагери”нинг илк иштирокчилари тантанали кутиб олинди.

“Ёш ҳарбий ватанпарварлар” шиори остида 21-25 ёш атрофидаги 100 нафар фуқаролар 10 кун муддатда жанговар, спорт ҳамда маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларига жалб қилинади.

Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти бўлими ҳамда мудофаа ишлар бошқармаси томонидан вилоятда муқим иш жойига эга бўлмаган қарийб 9 минг нафар ёшлар рўйхати шакллантирилиб, улардан юз нафари “Ҳарбий-ватанпарварлик лагери”нинг илк иштирокчиларига айланди.

Бу ерда йигитлар ҳарбий фанлардан ташқари, касбга йўналтириш бўйича етакчи мутахассислардан сабоқ олади.

Ҳарбий ватанпарварлик спорт лагерининг очилиш маросимида Марказий ҳарбий округ қўмондони, Навоий вилояти ҳокими, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ёшларни тарбиялашда янгича тизим жорий этилганини таъкидлади.

Кўргазмали чиқишлар ҳамда жанговар техникалар паркида ташкил этилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар намойиш этилди.

Йиғин якунида жисмоний, ахлоқий, руҳий жиҳатдан яхши ва аъло кўрсаткичлар қайд этган 10 нафар фуқаро Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони буйруғига кўра, март-апрель ойларида бир ойлик хизматга, май ойидан эса шартнома асосидаги ҳарбий хизматга қабул қилинади.