Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбий хизматчи бўлиш учун кўп китоб ўқиш керак...ми?

Сержант Темур Каримовнинг ота-боболари хоразмлик. Лекин у Самарқанд шаҳрида туғилди. Отаси ҳарбий хизматчи, онаси ҳам ҳарбий қисмдаги кутубхонада меҳнат қилган. Оилавий муҳит сабаб Темур болаликдан ҳарбийликка қизиқиб улғайди. Касб тақозоси билан турли вилоятларда яшади ва айни пайтда Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмда хизмат қилмоқда.

- Ҳарбий хизматчи бўлиш учун ҳам кўп китоб ўқиш керак, - дейди Темур. – Онам кутубхоначи бўлгани боис оиламизда китобга меҳр бошқача эди. Бадиий китобларни, айниқса, “Темур тузуклари”ни севиб мутолаа қилардим. Ўқиганларим бугун хизмат давомида қўл келяпти.

Темурнинг турмуш ўртоғи ҳам ҳарбий хизматчи. Улар бир-бирига елкадош бўлиб ҳаёт кечирмоқда.

- 15 йилдан буён Қуролли Кучлар сафида хизмат қиламан, - дейди кичик сержант Ҳафиза Мирзақулова. – Ҳарбийлик мени Темур ака билан учраштирди. Аёл киши учун ҳарбийлик осон иш эмас, аммо турмуш ўртоғим ҳам шу соҳада бўлгани менга қийинчиликларни енгиб ўтишда ёрдам беради. Хизматда ҳам, оилада ҳам бир-биримизга кўмакдошмиз. Икки фарзандимиз бор. 8 ёшли ўғлим ҳам ҳарбий бўлишни орзу қилади. Кичик фарзандимиз эндигина бир ёшга тўлди. Иккиси ҳам бизнинг изимиздан бориб, Ватан ҳимоячиси бўлишидан умидвормиз.

Тўлқин Сиддиқов.