Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким Оқдарёда талабаларни "имтиҳон"дан йиқитди...

Бугун ҳам Самарқанд вилояти ҳокимининг сайёр қабули ўтказилди. Анъанага кўра, вилоятдаги барча корхона-ташкилот, бошқармалар раҳбарлари эрта тонгдан Оқдарёда йиғилди.

Тан олиш керак, Эркинжон Турдимовнинг сайёр қабуллари том маънода одамларни эшитиш кайфиятига қурилган. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, давлат идоралари халқни эшитяпти. Кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас, аммо бу учрашувлар одамларнинг ёдида қоляпти. Сўнгги пайтларда бир неча бора тилга олинганидек, боқиманда, ишёқмас фуқаролар қаторида ҳақиқатан ҳам муҳтожлар, оғир ҳолатга тушиб қолган одамлар билан юзма-юз бўлишга тўғри келяпти.

Масалан, Мақсуда Эгамбердиева қўлида ўроқ кўтариб кириб келди. Бу аёлнинг илк ҳолатиёқ меҳнатда тобланган, ишдан қочмайдиганлар хилидан эканлигини исботлаб турибди.

Мақсуда опа турмушидан ажраган, икки фарзандни тарбиялаб келяпти. Ёлғиз боши билан болалар тарбияси, ўқиши, яшашидан ортиб, уйини таъмирлаб олишга қурби етмаётган экан. “Менга биттагина хонанинг эшик-деразаси, пол ва шифти учун ёрдам берсангиз”, деди аёл. Ҳоким унинг вазиятини инобатга олиб, ҳомийлик ёрдами кўрсатилишини маълум қилди.

– Туманимизга ҳоким келаётганини эшитиб, бу ёққа қараб югурдим, – дейди ўзининг ҳолатига изоҳ бергандай М.Эгамбердиева. – Маҳаллада ҳақ тўланадиган жамоат ишида ишлайман, ойлигим 600 минг сўм атрофида. Уйимни таъмирлаб олишга ўзимнинг кучим етмаяпти. Раҳмат, ҳоким арзимни қабул қилди.

“Ҳомийлик”.

Ҳомийлик сўнгги пайтларда шунчалик оммалашдики, раҳбарлар бу сўзни эшитса, бир сесканиб тушяпти. Сабаб?

Мурожаатчиларнинг аксарияти ҳомийлик ёрдами сўрайди. Муҳтож ҳам, муҳтож бўлмаган ҳам. “Муҳтож бўлмаган” деган иборани қўллаётганимиз боиси, тани-жони соғлом одам ишласа, муҳтож бўлмайди. Эркинжон Турдимов ўтган сафарги сайёр қабулида айтганидек, Оқдарёда ҳам вояга етган болалари, оиласида соғлом эркаги бўлган фуқароларнинг моддий ёрдам сўраб қилган мурожаатини рад этди.

Ҳокимнинг “ишёқмасларга кўмаклашмайман”, деган гапи йиғилишга келган бир раҳбар танишимизга маъқул келганини яширмади.

– Эътибор қилинг, мурожаатчиларнинг айримлари ногирон фарзандини олиб келган, – деди у. – Лекин оилада бир нафар бола нуқсон билан туғилган бўлса, унинг акалари, отаси соғлом-ку. Нега улар бу муаммони ҳал қилиш учун ҳаракат қилмайди? Айтайлик, нуқсонли болаларни нега айнан она етаклаб келиши керак? Оиланинг эркаклари андиша қилмайдими? Ахир бундан бир неча ўн йил аввал бу ҳолатлар уят саналган. Қизининг турмуши бузилгани ота учун ор ҳисобланган. Буни бошқалардан яширишган. Энди-чи? Нега бугун турмуши бузилган қизини етаклаб, кимдандир ҳомийлик қилишини сўрашни ор билмай қолдик? Рости, биз уятсизликка ўрганиб қолишимиздан қўрқаман.

Сайёр қабулдаги яна бир ҳолат киши эътиборини тортди. Яъни, қабул ўтадиган жойга эрта тонгдан ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар кўргазмага қўйилгандай олиб келиб қўйилди. Хўш, бу бизда ногирони бўлган шахслар кўпаяяпти, кўриб қўйинг, деганими? Ёки биз мана, ҳомийлик қиляпмиз. Ногиронларни қўллаб-қувватлаяпмиз, деган иддаони вилоят ҳокимига, борингки, ХАЛҚҚА кўрсатиб қўйишми?! Нега шу иш бошқа куни қилинмади? Англашиладики, биз бировдан ёрдам сўрашдан ҳам, муҳтожга ёрдам қилишни кўз-кўз қилишдан, иддаодан ҳам уялмай қолдик.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти агрономия факультетининг 67 нафар талабаси жорий ўқув йилида Ўзбекистон тарихи фанидан якуний давлат аттестациясидан ўтолмаган. Уларнинг айтишича, давлат аттестацияси ўтказилиши тахминан 10 кун олдин маълум қилинган. Бу низом талабларига зид. Шу каби бир қатор важлар келтирилган. Буни вилоят адлия бошқармаси ҳам тасдиқлаяпти ва натижада аттестацияга масъул раҳбарларга интизомий чора кўрилган. Аммо улар ҳамон иш жойида, талабалар эса азият чекяпти.

Ёшларнинг мурожаатини эшитган ҳоким уларга ўзларига бевосита тааллуқли бўлган соҳадан савол берди:

– Олтинкўз ҳашароти қандай кўпаяди? У нима билан озиқланади?

– Тупроқ таркиби нималардан иборат?

– Пахтанинг ривожланиш босқичларини санаб беринг...

Ҳоким қаноатланарли жавоб олмагач, “Сизларга баҳо қўядиган олимгаям, диплом берадиган институтгаям қойил қолмаган бўлардим”, деди.

Ҳоким талабаларга бу муаммо билан тегишли вазирлик ва идоралар шуғулланишини маълум қилди.

Гулноза Худойбердиева, Паст Дарғом туманидан:

- Бугун ҳокимга шунчаки, раҳмат айтгани келдим. Болаларимни даволатишим учун ёрдам берди. Бундай учрашувлар сабаб кўплаб одамларнинг оғири енгил бўляпти.

Сайёр қабулга келганлар орасида ҳокимдан миннатдор бўлганларни ҳам кўрдик.

Аммо шундай ҳолатлар борки, бунинг учун вилоят раҳбарини безовта қилишга ҳожат йўқ. Айтайлик, Миёнқол маҳалласидан келган Турсун Эгамбердиевнинг мурожаатига туманнинг ўзида ечим бор эди. Яъни, марказдан 13 километр масофада жойлашган Миёнқол маҳалласида чиқиндихона йўқ. Ҳудудга чиқинди тўкилиши оқибатида маҳаллада антисанитар ҳолат юзага келяпти.

Савол туғилади, нега бу каби муаммолар туманнинг ўзида ечимини топмаяпти? Халқимизнинг ўзи кимга мурожаат қилишни билмайдими ёки туман мутасаддилари бундай вазиятларга ЮҚОРИДАН қарайдими?

- Сайёр қабулда фуқароларимиз мурожаат қилган масалалар, асосан, уй-жой, уни таъмирлаш, йўл қурилиши кабилардан иборат бўлди, - дейди Оқдарё тумани ҳокими Феруз Абилов. – Шу билан бирга ўзимиз, туманимизда ҳал қилишимиз мумкин бўлган айрим масалалар, масалан, маҳаллаларда чикиндиxоналарнинг ташкил этилмаганлиги, ер ва мулк бўйича низолар, оилавий можаролар юзасидан сайёр қабулда айтилгани биз, туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари xодимларини баъзида ўз вазифамизга чуқурроқ эътиборда бўлмаганимизни кўрсатиб берди. Негаки, фуқароларимизнинг бу масалаларда вилоят ҳокимига мурожаат қилиши биз учун оғриқлидир. Бундан ўзимизга тегишли xулоса чиқардик.

Энди ўзимизнинг хулоса. Бу каби сайёр қабулларда 500-600 тагача муаммолар кўтарилаётгани сабаби – жойларда ОДАМЛАР ЕТАРЛИЧА ЭШИТИЛМАЯПТИ. Арзчига ўз вақтида тушунтириш берилмаяпти, қонуний ечим изланмаяпти. Мурожаатлар салмоғи ҳудудларда масъулларнинг ўз ишига нечоғли масъулият билан қараётганини кўрсатиб беряпти.

Назаримизда депутатлар, ташкилот раҳбарлари, туман масъуллари жойларда очиқ мулоқотларни кўпайтириши керак. Тўғри, вилоят ҳокими йўл қурилиши, ичимлик суви, газ таъминоти билан боғлиқ жуда кўп мурожаатларга ечим топиб берди ёки уларни қисқа муддатда ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот раҳбарлари зиммасига вазифа юклади.

Бироқ соҳа раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари аллақачон бажариши мумкин бўлган ишлар ҳам бор экан.

Фақат вилоят ҳокими эмас, қабулга келган бошқа раҳбарлар ҳам кимнингдир устидан арзимаган шикоят қилган, имконияти етса-да, янги уйга биринчи тўлов учун ёрдам сўраб турганларга, ёнидаги мактабнинг спорт зали, майдони бўлатуриб, янги спорт зали қуришни талаб қилганларга вазиятни тушунтиришни ўрганишди. Бу яхши ҳолат.

Вилоят ҳокимининг сайёр қабули жойларда давом этмоқда, у ҳуқуқий тарғибот вазифасини ҳам ўтамоқда. Лекин тушган саволларни мониторинг қилиш ҳақида туман мутасаддилари ўйлаб кўрадиган вақт келмадими?

Исомиддин ПЎЛАТОВ.