Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким топшириғи асосида пахтачида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимовнинг Самарқанд шаҳрида тиббиётчилар билан ўтказилган йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган саломатлик ҳафталигида вилоятдаги ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг 250 нафардан зиёд шифокор-мутахассислари иштирок этди.

Тиббий кўрикларда 17 минг нафарга яқин фуқаро кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 9 191 нафарида турли хил касалликлар аниқланди. 7849 кишига амбулатор, 1342 кишига стационар шароитда даволаниш тавсия қилинди. 427 нафар беморга республика ва вилоятдаги тиббиёт марказларида, 839 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида даволаниш учун йўлланма берилди. Шунинг­дек, 76 фуқаро санаторий-курорт марказларида соғломлаштириш учун тавсия қилинди.

Тадбир давомида 86 нафар якка-ёлғиз, 1416 нафар ногирон ҳамда 172 нафар тўшакда ётган беморлар ҳолидан хабар олинди.

Вилоят тиббиёт муассасалари бош врачлари томонидан туманнинг "Ҳайит Элбеги", "Деҳқон­обод", "Хумор" қишлоқ оилавий поликлиникалари ва кўп тармоқли марказий поликлиника филиали ҳудудларидаги аҳоли масканларида фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқаролардан келиб тушган 75 та мурожаат бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Саломатлик ҳафталигида тумандаги барча тиббиёт муассасаларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник таъминоти ҳамда улардаги мавжуд тиббий асбоб-ускуналарнинг яроқлилиги кўздан кечирилди. Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари томонидан тиббиёт бирлашмаси шифокорлари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

***

Ҳафталик якунлангач, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар, тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда туман шифохоналари вакиллари билан учрашди ҳамда тиббиёт муассасаларида мавжуд камчиликларни яна бир бор муҳокама қилди.

Тадбирда тумандаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганиб чиққан раҳбарлар мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида таклифларини беришди.

Тумандаги Қўрғонча қишлоғи аҳолисига "Қарнаб" қишлоқ врачлик пункти шифокорлари тиббий хизмат кўрсатади, – дейди вилоят эндокринология диспансери бош шифокори Гулзода Негматова. – Аммо аҳолининг бу хизматдан кўнгли тўлмайди. Чунки Қарнаб ва Қўрғонча қишлоқлари орасидаги масофа узоқ, шунингдек, йўлнинг 18 километри ўнқир-чўнқирлардан иборат. Қўрғончаликлар ҚВП шифокорлари хизматидан етарлича фойдалана олмаяпти. Оғир беморларга, ҳомиладор аёллар ва ёш болаларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Шу боис мазкур қишлоқда тиббиёт пункти қурилиб, битта тез тиббий ёрдам машинаси ажратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Туманда онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш бўйича маҳаллий мутахассисларнинг малакаси етишмайди, – дейди республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор Миржалол Жў­раев. – Туманда асосан саратон олди касаллиги, айниқса, хотин-қизларда учрайдиган сут бези, бачадон бўйни ҳамда ошқозон саратони каби хасталиклар кўп учрамоқда. Шунинг учун шифокорларнинг онкологик касалликларни даволашда замонавий усуллардан фойдаланишлари учун малакасини ошириш лозим. Шу пайтгача онколог врачлар Тошкент шаҳрида ўз билимларини ошириб келган бўлса, энди филиалимизда ҳам қайта ўқитиш ва амалиётларини ташкил этиш имконияти яратилди.

Шунингдек, тадбирда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларни мутахассис кадр­лар билан таъминлаш, совуқ кунларда иситиш тизимларини бир маромда ишлатиш ва ҚВПларда замонавий талабларга жавоб берадиган шарт-шароитларни яратиш зарурлиги таъкидланди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.