Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳозир: «Биз тамаки чекишга қаршимиз» шиори остида спорт марафони бўлиб ўтмоқда

Самарқанд шаҳридаги Фарҳод шаҳарчасида 31 май — Халқаро кашандаликка қарши кураш куни муносабати билан шу шиор остида спорт марафони ўтказилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги 84112-ҳарбий қисм ташаббуси билан «Соғлом авлод учун» хайрия жамғармаси вилоят бўлими, Самарқанд шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир аҳоли, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва тамаки чекиш каби иллатлардан асраш, уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилди.

Марафонда ҳарбий қисм зобит ва аскарлари, шаҳарчадаги корхона-ташкилот ва муассасалар ходимлари, шу ерда яшовчи аҳоли ва ёшлар қатнашди. Улар 1,5 километрга юриш, гимнастика машғулотлари, стол тенниси, югуриш, футбол каби спорт ўйинлари билан машғул бўлишди.

— Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари инсон саломатлигига зарар, уни истеъмол қилиш аянчли оқибатларга олиб келади, — дейди 84112-ҳарбий қисм командири Камолиддин Тошпўлатов. — Мақсадимиз ўтказилаётган ушбу тадбир орқали ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш.

Акрам Бўриев.