Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ички ишлар вазири ўринбосари М.Жўраевнинг Паст Дарғом туманида ўтказган сайёр қабулида 42 та мурожаат қабул қилинди, ногиронлик аравачалари топширилди

Пастдарғом туманида ИИВ ўринбосари М.Жўраев ва вилоят ИИБ, туман ИИБ ходимлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ҳар сафаргидан бошқача тарзда бўлиб ўтди.

Жумладан, сайёр қабул бўлиб ўтадиган 32-сонли мусиқа ва санъат мактабида сайёр қабулдан сўнг китоб ярмаркаси ўтказилди. Шунингдек тадбир меҳмонлари учун дастурхон ёзилди.

Сайёр қабулда Пастдарғом туман ҳокими Ш.Худойбердиев туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан бирга ногиронлар учун аравачалар тарқатишди. 

- Йил бошидан бери туманимиз бўйлаб 76 та ногиронга аравача берилди. Муборак Рамазон ойи муносабати билан яна бир гуруҳ ногиронларга ногиронлик аравачаси бердик. Туманимизда умумий 5200 нафар ногирон бор. Улардан 80 нафари ҳаракатланиши чекланган ногиронлар ташкил этади, - дейди Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Акбар Ўтабоев.

- Сайёр қабул жараёнида шу нарса аниқ бўлдики, одамлар сайёр қабулга охирги умид ўлароқ мурожаат қилаяптилар. Мурожатларнинг аксарияти уй-жой таъминоти, ер эгалиги, кредит масалалари, тадбиркорлик фаолияти, моддий ёрдам масалаларида бўлди. Аксарият мурожатларни жойида ҳал қилдик, бир қисмини эса тегишли ташкилот мутасаддилари зиммасига юкланди, – дейди, ИИВ ўринбосари М. Жўраев.

Пастдарғом тумани, Гулобод қишлоғида яшовчи Гулноза Абдусаматова педагогика коллежини тугатиб, ногиронлиги туфайли ўзига мос иш топа олмай юрган экан. У бир неча жойга мурожаат қилган, аммо "бўш ўрин йўқ" деган жавобни олган. У сайёр қабулда ўзининг муаммоси ҳал этилишига ва мутасаддилар унга ўзига мос иш топиб беришларига ишониб қабулга келган.

Шунингдек «Фурқат» маҳалласида яшовчи Хосият Оқбердиева моддий ёрдам сўраш учун сайёр қабулга келган. Унинг айтишича, 2012 йилда қизи вафот этган ва унинг беш нафар фарзанди боқувчисиз қолган. Куёви болаларга ёрдам беришни ваъда қилиб уникига олиб келиб қўйган, аммо шундан сўнг уйланиб болаларидан ҳам хабар олмай қўйган. Бугунги кунда ана шу беш нафар набирасини Хосият опа турмуш ўртоғи билан фақат пенсиясининг ҳисобидан қийналиб тарбияламоқда. У куёвининг набираларига ёрдам беришини хоҳлайди

Шу куни сайёр қабулда умумий тарзда 42 та мурожаат қабул қилинди. Айримлари жойида ҳал қилинган бўлса, қолганлари мутасадди ташкилотларга кечиктирмасдан ҳал қилиш учун йўлланди.

З. Болтаева.